Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Илҳом" мукофоти танлови ғолиблари тақдирланди
2021-05-21 | Жамият
Миллатнинг ўзлиги, маънавий қиёфаси унинг адабиётида мужассам. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Адиблар хиёбони мана роппа-роса бир йилдирки, халқимиз, айниқса, ёшларни адабиётга ошно этмоқда.
Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилаётган адабиёт байрами ҳафталиги доирасида “Илҳом” мукофоти танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу байрам қизиқарли анжуманлар, викториналар, танловларга, ёшлар фестивалларига уйғунлашиб кетди.
Эрта тонгдан мазкур хиёбон шоир ва ёзувчилар, олимлар, устозлар, талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари, мактаб ўқувчилари билан гавжум бўлди.
– Мамлакатимизда миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор ўзининг амалий руҳи ва самарадорлиги билан диққатга сазовор, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Бугун ким бўлишидан қатъи назар, китобга меҳр қўйиш, у билан дўстлашиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган ижод мактаблари, ёзувчи ва шоирларга кўрсатилаётган эътибор, китобхонликни ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар ёшларни адабиётнинг мафтункор оламига олиб кирмоқда.
Кун давомида Адиблар хиёбонида мушоира, адабий гурунглар бўлди. Талаба-ёшлар ўртасида адабиётга қизиқишни кучайтириш мақсадида илк бор ташкил этилган “Илҳом” мукофоти республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими эса адабиёт байрамига айланиб кетди.
– Ушбу мукофот олий ўқув юртлари талабалари, ёш ўқитувчилар учун таъсис этилган, – дейди адабиётшунос Баҳодир Карим. – Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ғоят юксак савияда ўтди. Лойиҳа ёшларнинг ўз ижодига эътиборни кучайтиришда, рағбат уйғотишда муҳим аҳамият касб этди.
Танловда мамлакатимиздаги 83 та олий таълим муассасасининг 200 нафардан ортиқ ёшлари ўз ижод намунаси билан фаол қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати келиб тушган ишларнинг бадиий савияси, долзарблигига эътибор қаратди.
Биринчи ўринга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти Акрам Маликов муносиб топилди. У “Spark” автомобили билан тақдирланди. Иккинчи ўрин Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоасига берилди. Учинчи ўринга Фарғона давлат университети магистранти Қобилжон Шерматов ва Қорақалпоқ давлат университети таянч докторанти Малика Палимбетова сазовор бўлди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Хонзода Жамолова (марҳум), Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Ниҳол” талабалар жамоаси, Навоий давлат педагогика институти талабаси Фарҳод Низомов, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Мадина Қаҳҳорова, Урганч давлат университети магистранти Акбар Отабоев танловнинг рағбатлантирувчи мукофотига муносиб деб топилди.
Ғолиблар диплом, статуэтка, пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достони шарҳи устида изланиш олиб бордим, – дейди 1-ўрин соҳиби, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти Акрам Маликов. – Тадқиқотим Алишер Навоий даҳосига, унинг ижодига бўлган ҳурмат ва эҳтиромим ифодасидир. Навоий асарлари миллатимизнинг ўзлиги. У китобхонни баркамол шахс этиб шакллантиради.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Мусаев сўзга чиқди.
Шоирлар шеърларидан намуналар, санъат усталари иштирокидаги мусиқий дастур кечага янада файз бағишлади. Ушбу шеърият байрами Адиблар хиёбони, миллий адабиётимиз ёшларимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Манба: ЎзА