Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шахсий масъулият, мустаҳкам интизом ва ташаббускорлик – самарали меҳнат пойдевори
2021-03-04 | Жамият
Жорий йил 10 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзоладилар.
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррирининг Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси Р.В. Абдуқодиров билан суҳбати мазкур Фармонда кўтарилган ва республика бошқарув органлари ҳамда ҳокимликлари олдида турган тизимли вазифаларнинг муҳимлиги ва аҳамияти хусусида бўлди.
— Мазкур Фармонни қабул қилишнинг асосий моҳияти ва сабаблари ҳақида сўзлаб берсангиз. Ушбу масалаларга аввал қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларида алоҳида эътибор қаратилмаганми?
— Бу саволга жавоб бериш учун тарихга мурожаат қилиш зарур. Биринчидан — 1999 йил 12 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарори қабул қилинди. Ўтган йиллар мазкур ҳужжатни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлигини, бошқарув органларининг ишлаш амалиёти ва бу борада эришилган натижалар эса — ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган механизмлар, шакллар ва усуллар ўз самарасини бераётганини яққол тасдиқлади.
Иккинчидан — 2016 йил мамлакатда янги замонавий Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича бошланган туб ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши ҳамда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш масаласини кун тартибига олиб чиқди ва буни алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
2017 йил январда Ҳукуматнинг 2016 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисида Вазирлар Маҳкамаси комплексининг ҳар бир раҳбарига, Ҳукуматнинг аксарият аъзолари ва ҳудудлар ҳокимларига принципиал ҳамда қатъий баҳо берилди. Мажлисда шахсий интизом, масъулият ва ташаббускорликнинг йўқлиги жиддий камчиликлар ва хатоликлар асосини ташкил қилиши алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбари томонларидан 2017 йил 11 апрелда ПҚ-2881-сон махсус қарор қабул қилинди. Алоҳида ўтказилган мажлисда Ҳукуматнинг барча раҳбарлари ва аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда республика ҳудудлари ҳокимлари ушбу муҳим ҳужжатнинг мутлақо янги ёндашувлари билан таништирилди.
Ўтган беш йил Президентимизнинг ташаббуслари билан қабул қилинган чора-тадбирларнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини қатъий исботлади. 2016-2021 йилларда замонавий бошқарув усулларини амалиётга жорий этиш, ижрони назорат қилиш ва текшириш шаклларини такомиллаштириш, талабчанликни кучайтириш борасидаги амалий ишлар, шунингдек, раҳбарлар шахсий масъулиятини ошириш бўйича қабул қилинган қатъий чора-тадбирлар давлат қурилишининг серқирра вазифаларини бажариш, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бугунги мураккаб шароитларда республикани барқарор ва жадал ривожлантиришнинг кафолати бўлди.
Учинчидан — ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди, балки олдимизга янги ва янги талабларни қўймоқда. Шу йилнинг 18 январида давлатимиз раҳбари кенгайтирилган селектор мажлисида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг замонавий босқичида муҳим туб ўзгаришлар сифатида қонунчилик ҳужжатларининг ижросини самарали ташкил этиш бўйича комплекс вазифаларни яна бир бор аниқ белгилаб бердилар.
Шу ўринда савол туғилади: ушбу масаланинг кўтарилишига нима сабаб бўлди? Бу борада “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг айрим асосий ва муҳим йўналишларига эътибор қаратсак. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш, экспорт салоҳиятини ошириш, давлат компанияларини трансформация қилиш, товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш, ҳудудларни, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдан орқада қолаётган 33 та туманни янада комплекс ривожлантириш, 84 та шаҳар ва туманда саноат салоҳиятини ошириш, технопарклар, кластерлар ва логистика марказларини ташкил қилиш, муваффақиятли бизнес юритиш учун бир қатор лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бекор қилиш Давлат дастурида устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг охири ва шу йилнинг бошида ўтказилган учрашувларга мувофиқ турли тоифадаги ёшлар билан ишлаш, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва маданият, шунингдек, маънавий-маърифий соҳаларда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини фаоллаштириш ҳамда уларни янги мазмун-моҳият билан бойитиш зарур. Энг муҳими — республика аҳолисининг барча тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилиш даражаси ва сифатини янада оширишни таъминлаш керак.
Буларнинг барчаси, албатта, нафақат кўплаб қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, балки уларни самарали бажаришни янада такомиллаштирилган даражада ташкил қилиш, белгиланган вазифалар ва мақсадли параметрларга тўлиқ ҳажмда эришишни тақозо этади.
Фармон талабларини амалга оширишнинг асосий йўналишлари
— Айтингчи, Президентимизнинг мазкур Фармонларида белгиланган мақсадларга эришиш учун ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қайси принципиал масалаларга эътибор қаратиш зарур?
— Жуда тўғри савол бердингиз. Афсуски, бошқарув органларининг кўпгина раҳбарлари ва мутахассисларида ижро интизоми — бу қонунчилик ҳужжатида белгиланган топшириқни фақат ўз вақтида, яъни белгиланган муддатда бажариш, деган нотўғри фикр шаклланган.
Ишларни ташкил қилишнинг айнан мана шу дастлабки босқичида аксарият раҳбарлар ва мутахассислар орасида кенг тарқалган бундай нотўғри фикр ижро интизоми даражаси пастлигининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Мисол учун, қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва белгиланган муддатларга қатъий риоя этмасдан, юқори технологияли ва рентабелли корхонани, кластер ёки логистика марказини ташкил қилиш, йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни фойдаланишга топшириш ва бошқа ишларни бажариш ниҳоятда қийин.
“Ижро интизоми”, айтайлик, ЯИМ каби ўзига хос интеграциялашган кўрсаткич сифатида тизимли ва устувор вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш асосини белгилаб берадиган бир қатор муҳим таркибий қисмларни ўз ичига олади, десам, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Улар орасида:
биринчи таркибий қисм — иқтисодиётнинг ҳар бир тармоғини, ижтимоий соҳани, ҳудуд, шаҳар ва туманни, янги талабларни инобатга оладиган бўлсак — ҳар бир маҳаллани ривожлантириш ҳолатини ҳар томонлама атрофлича ва танқидий таҳлил қилиш;
иккинчи таркибий қисм — қонунлар, Президентимизнинг, Олий Мажлис ҳар икки палатасининг ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек, Ҳукумат қарорларини амалга ошириш самарадорлигини ҳар куни тизимли асосда танқидий таҳлил қилиш. Мамлакатимиз Парламентига Мурожаатномада “...сўнгги 4 йилда кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган 150 та қонун, қарийб 2 мингта Фармон ва қарор қабул қилингани” қайд этилди. Албатта, уларнинг барчаси тўлиқ ҳажмда сўзсиз амалга оширилиши даркор. Зеро, ҳар бир ҳужжатда мамлакатимиз ва жамиятни ривожлантириш ҳамда фуқаролар фаровонлигини таъминлаш бўйича тизимли вазифалар белгиланган. Ҳар бир раҳбарнинг фаолияти ва шахсий масъулияти ҳам бу борада эришилган натижаларга мувофиқ баҳоланиши зарур;
учинчи таркибий қисм — иқтисодиёт тармоқларига оид ва шаҳарлар ҳамда туманлар, шунингдек, маҳаллалар кесимида республика ҳудудлари бўйича мунтазам янгилаб бориладиган ва қуйидаги асосий маълумотларни ўз ичига олган электрон маълумотлар базасини шакллантириш: а) иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар; б) инвестиция фаолияти;
в) экспорт салоҳиятини кенгайтириш; г) бандлик масалалари; д) тадбиркорлик ва ижтимоий соҳани ривожлантириш; е) тармоқлар ва ҳудудий даражада ҳал этишни талаб қиладиган муаммоли масалалар алоҳида акс эттирилиши лозим; ж) ўрта ва узоқ муддатли истиқболда амалга оширишни талаб қиладиган тизимли вазифалар рўйхати.
Ушбу учта таркибий қисм бўйича тайёргарлик ишлари ҳар йили декабрда амалга оширилмоқда. Бошқарув органлари ҳайъатларида ва ҳокимликлар мажлисларида январь ойининг бошида ҳар томонлама муҳокама этилиб, кейинчалик
2021 йилда бўлгани каби Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида Вазирлар Маҳкамасида ушбу ишларнинг якунлари сарҳисоб қилинади. Айниқса, сўнгги беш йилда тўпланган тажриба шундан далолат берадики, мазкур учта муҳим таркибий қисм шакллантирилиб амалга оширилмас экан, мустаҳкам ва ишончли Ташкилий, ижро ва назорат фаолиятининг ягона тизимини йўлга қўйиб бўлмайди. Айнан мана шу вазифа давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонларида устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш механизмлари, шакллари ва усуллари
— Қабул қилинган ушбу Фармон кўплаб ҳужжатлар — иловаларни ўз ичига олган. Айтингчи, уларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат ва қандай якуний мақсадлар назарда тутилган?
— Саволингиз ўринли. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонларида белгиланган амалий механизмлар, шакллар ва усуллар ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиши зарур. Бу борада қуйидаги устувор масалаларга алоҳида эътибор қаратиш керак:
биринчи — бошқарув тизимини янги замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичи, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа, шунингдек, республика ҳудудларининг мақсадли ҳамда устувор вазифаларига мувофиқ такомиллаштириш. Шу муносабат билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, барча даражалардаги ҳокимликларнинг календарь иш режаларини пухта шакллантириш масалалари юқорида қайд этилган учта таркибий қисмни самарали амалга ошириш учун алоҳида аҳамият касб этади. 2010 йил Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосарлари, аппарат бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларининг шахсий иш режаларини тузиш, шунингдек, эришилган натижаларни тизимли таҳлил қилиш амалиёти жорий этилган эди. Ўтган йиллар ушбу амалиётнинг мақсадга мувофиқлигини ва зарурлигини исботлади;
иккинчи — асосий жиҳатлардан яна бири — бу ҳужжатлар, яъни қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш. Бу борада айрим маълумотларни келтириб ўтмоқчиман. 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан вазирликлар ва идоралар, шунингдек, ҳокимликлар билан биргаликда давлатимиз раҳбарининг 344 та ҳужжатлари тайёрланиб, Президент Администрациясига киритилди. Республика Ҳукуматининг 834 та қарори ва 580 та фармойиши қабул қилинди. Албатта, бу машаққатли меҳнат самарасидир.
Бироқ, айрим лойиҳалар, айниқса, концепциялар, дастурлар ва стратегиялар лойиҳаларини иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш даражасининг пастлиги, аниқ ва тушунарли механизмларнинг, шунингдек, топшириқларни бажариш муддатларининг етарли даражада ишлаб чиқилмаётгани, бу борада шахсий ташаббус ва талабчанлик кўрсатилмаётгани пировардида, ижро интизоми даражасининг пастлиги, устувор вазифалар ва топшириқларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ амалга оширилмаслигининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.
Ифодали қилиб айтадиган бўлсак, қабул қилинадиган ҳужжатнинг деярли ҳар бир бандида учта саволга аниқ ва тиниқ жавоб бўлиши керак: қўйилган мақсадларга эришиш учун, биринчидан — ким томонидан (вазирлик, идора, ҳокимлик ёки уларнинг раҳбарлари шахсан); иккинчидан — аниқ нимани (шакллантирилган вазифа ёки топшириқ); учинчидан — қандай муддатларда (оптимал аниқ) амалга ошириш зарур?
Ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда юқорида қайд этилган камчиликлар, шунингдек, асосли таҳлилий базанинг йўқлиги, шу жумладан, илғор хорижий тажрибани ўрганмаслик ва ундан фойдаланмаслик, уларни тегишли бошқарув органларида, авваламбор, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Марказий ва бошқа банкларда узоқ вақт келишишнинг асосий сабаблари бўлмоқда. Бундан ташқари, бошқарув органларининг айрим раҳбарлари бу борадаги ишларни шахсан назорат қилмасдан, вужудга келган масалалар ва келишмовчиликлар юзасидан бош қотирмасдан, ушбу вазифаларни ўз ўринбосарларига топшириб қўйиш билан чекланмоқда ёки тўлиқ келишилмаган ҳужжатлар лойиҳаларини республика Ҳукуматига юбормоқда. Бу эса, ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларининг бузилишига ҳамда топшириқлар ижроси белгиланган муддатларда таъминланмаслигига олиб келади.
Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг қуйидаги кўрсатмаларини эсга олиш мақсадга мувофиқ ва ўта муҳимдир: “Раҳбарлар, қандай лавозимни эгалламасин, аввало, қоғоз билан эмас, балки юзага келган муаммо ёки вазифа билан ишлаши, уларни максимал қисқа муддатларда ва юксак якуний натижа билан ҳал қилишнинг самарали йўлларини қатъият билан топиши ҳамда таклиф этиши шарт”. Шунинг учун ушбу топшириққа ва Фармоннинг 5-бандига мувофиқ биринчи раҳбарлар энди нафақат қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг тайёрланишини ва келишилишини шахсий назоратига олиши, балки уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бўлинмаларида, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида ҳимоя қилинишини таъминлаши зарур;
учинчи — қабул қилинган қонунчилик ҳужжатининг ижросини ташкил қилиш. Бошқарув органлари иш амалиётида назорат режалари ва ҳаракатлар дастурларини, сўнгги йилларда эса қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш мустаҳкам ўрин эгаллади. Бу, албатта, сезиларли натижалар бермоқда. Масалан, тўғридан-тўғри таъсирга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг зудлик билан қабул қилингани, шошилинч чора-тадбирлар комплексини амалга оширишга доир ишлар тезкор ташкил қилингани ва қатъий назорат даражаси COVID-19 пандемиясига қарши ҳақиқий курашда жиддий оқибатларнинг олдини олиш ҳамда улардан сақланиш имконини берди.
Шу билан бирга, бошқарув органларининг, айниқса, ўрта ва қуйи бўғинларида, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари аппаратларида юзага келган қуйидаги ҳолатлар ташвишга солмоқда: биринчидан, раҳбарлар муаммоли вазифалар моҳиятини чуқур англамаяпти, балки “ижро учун” топшириқлар билангина чекланиб қолмоқда; иккинчидан, кўпинча тизимли вазифаларни амалга оширишни ўз ўринбосарларига, бошқарма бошлиқларига ёки мутахассисларга топшириб қўймоқда; учинчидан, жойларда ижро интизоми ҳеч қандай танқидий таҳлилсиз ва масъулиятсиз ижрочиларга нисбатан тегишли талабчанлик кўрсатилмаган ҳолда номигагина текширилмоқда.
Ушбу камчиликлар, албатта, бошқарув органлари, айниқса, барча даражалардаги ҳокимликлар кундалик иш амалиётида уларнинг қатъий олдини олишни ва бартараф этишни талаб этмоқда. Бунинг учун Фармонда ҳужжатлар ва топшириқлар ижросини бевосита бошқарув органлари ва ҳокимликларнинг биринчи раҳбарлари ҳузурида ҳар ҳафта ва ҳар ойда танқидий муҳокама қилиш регламенти белгиланган. Шунингдек, вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини Вазирлар Маҳкамаси котибиятларида, бошқармаларида ва бўлимларида, шунингдек, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида видеоконференцалоқа орқали эшитиш бўйича яқинда жорий этилган амалиёт ҳам ўз самарасини бермоқда.
Шу муносабат билан давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар раҳбарлари ҳамда ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини доимий асосда мониторинг қилиш ва баҳолаш амалиётини жорий қилиш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида қонунчилик ҳужжатларининг бажарилиш ҳолатини “Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда” рукни остида жамоатчилик назоратидан кенг фойдаланган ҳолда ёритиш барча даражалардаги раҳбарларнинг шахсий масъулиятини оширишнинг муҳим воситаси бўлиши зарур;
тўртинчи — қонунчилик ҳужжатларининг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш. Бу борадаги ишлар ҳолатини ўрганиш шундан далолат берадики, масалан, 2020 йилда Энергетика, Қурилиш, Инвестициялар ва ташқи савдо, Молия, Қишлоқ хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимларида, шунингдек, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларида идоравий мансуб тузилмалардаги ишлар ҳолатини танқидий ҳамда тизимли ўрганиш масалалари бошқарув органлари тизимининг энг заиф бўғинларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан мурожаатларнинг муайян қисми турли органларга йўлланаётгани ҳам қабул қилинган ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарилмаслиги бўйича камчиликларнинг ўзига хос “кўзгуси” ҳисобланади. Мисол учун, ўтган йили Вазирлар Маҳкамасига, давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликларга умумий мурожаатлар сони 806 мингдан ортиқни ташкил қилди. Уларнинг 187 мингдан зиёди вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларига йўлланган. Бунинг устига, мурожаатлар сони 2019 йилга нисбатан 10 фоизга кўпайган. Мурожаатларнинг аксарият қисми Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Сув хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларига, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Агробанк”, “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” АТБларга йўлланган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг — вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида, вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг — туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва секторлар раҳбарларининг — маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари мажлисларида ҳисобот бериш амалиёти жорий этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад — биринчидан, фуқароларнинг фикрларини, ташвиш ва эҳтиёжларини эшитиш, иккинчидан, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини таъминлашда заиф жиҳатларни аниқлаш, учинчидан, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўришдан иборат.
Президентимизнинг маҳаллалар, муассасалар ва ташкилотларда ўтказилган шахсий учрашувлари, суҳбатлари, жойларда тезкор чоралар қабул қилиниши, шу жумладан, раҳбарлар фаолиятига шахсан баҳо беришлари бундай амалиётни барча жойларда жорий қилиш зарурлигининг ёрқин тасдиғидир. Давлатимиз раҳбарининг яқинда Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифлари барчамиз учун ижрони амалда назорат қилиш, иш вақтидан, айниқса, хизмат сафарларида унумли фойдаланиш бўйича яққол мисол бўлиб хизмат қилади;
бешинчи — бошқарув органларининг аппаратлари ва ҳудудлар ҳокимликларида ушбу ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юкланган бўлинмалар (бошқармалар, бўлимлар, секторлар, гуруҳлар ва мутахассислар) ижро интизомини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Мазкур лавозимларга муносиб номзодларни пухта танлаб олиш мақсадида Фармонда уларни Вазирлар Маҳкамасида тажриба орттиргандан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шўъбаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлашнинг янги тартиби белгиланган;
олтинчи — қонунчилик ҳужжатлари қабул қилингандан бошлаб, уларнинг танқидий таҳлилини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Ҳисоб палатаси ва Президент Администрациясига тақдим этган ҳолда, ижросини ташкил этиш бўйича барча жараёнларни ўз ичига олган “Ijro.gov.uz” тизимини жорий қилиш.
Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг назоратини юритиш бўйича ушбу янги тизимни жорий қилиш борасидаги асосий вазифалар ва функциялар Адлия вазирлигига ҳамда унинг тузилмасида ташкил этиладиган махсус ҳудудий бошқармаларга юкланмоқда. Бу, шунингдек, биринчидан, қабул қилинган ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарилиши пухта таҳлил қилинишини таъминлаш, иккинчидан, муаммоли масалалар бўйича тезкор чоралар кўриш ва учинчидан, ўз вақтида ва ишончли ҳисобдорликни таъминлаш учун ҳам жуда муҳимдир.
Ушбу масалалар, авваламбор, давлатимиз раҳбарининг протокол қарорлари қабул қилинган ҳудудлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, шунингдек, соғлиқни сақлаш, маданият, бандлик, пенсия таъминоти, аҳолининг меҳнат қилиши, турмуши ва дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш соҳаларидаги ишлар ҳолати маълум даражада самарали фаолият юритишига боғлиқ бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун алоҳида аҳамиятга эгадир;
еттинчи — Фармоннинг 5-бандида жорий этилаётган Ташкилий, ижро ва назорат фаолиятининг ягона тизимининг натижадорлиги учун раҳбарларга шахсий масъулият белгиланган. Ҳужжатда ўтган йилнинг ўзида ижро интизомини сусайтириб юборганлиги ва кадрларга нисбатан талабчанлик қилмаганлиги учун соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, олий ва ўрта махсус таълим вазирлари, айрим давлат қўмиталари ва агентликлари раҳбарлари, шунингдек, 25 та туман ва шаҳар ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани қайд этилган.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари фақат интизом чораларини қўллаш ижро интизомини мустаҳкамлашда асосий омил бўлмаслиги, балки ҳар бир раҳбар ва мутахассисни масъулият, матонат ва собитқадамлик билан меҳнат қилишга ундайдиган Ягона тизим аниқ ва пухта ишлаши зарурлигини ҳар доим таъкидлайдилар. Бу нафақат қонунчилик ҳужжатларида, балки сифатли ҳамда белгиланган муддатларда амалга оширилиши зарур бўлган кўпгина назорат топшириқларида ҳам кўзланган мақсадлар ва вазифаларга эришиш кафолатидир.
Мисол учун, бугунги кунда ҳудудларни ривожлантиришнинг протокол қарорлари бўйича 1455 та топшириқ, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича 2109 та топшириқ, олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича қабул қилинган “йўл хариталари”нинг 960 та банди бажарилган. Ўтган йилнинг ўзида 26 та парламент сўровлари, сенаторлар ва депутатларнинг 362 та сўровлари ўрганилиб, улар бўйича жавоблар юборилди, парламент эшитувлари ва “парламент соати”да 36 та вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Яна бир муҳим жиҳат — бу эришилган натижаларни холис баҳолаш ва йўл қўйилган камчиликларни конструктив танқид қилиш. Ходимларни, жумладан, иш стажи, илмий ва мартаба даражаси, унвони учун моддий рағбатлантириш бўйича бугун республикамизда фаолият кўрсатаётган тизим шубҳасиз, ҳар бир раҳбар ва мутахассисни юксак самара, масъулият ва албатта, натижадорлик билан меҳнат қилишга ундаши даркор. Яъни, бу иш ҳар биримиз учун онгли равишда эҳтиёжга ва керак бўлса, “темир” қоидага айланиши зарур.
Бу борада шуни таъкидлаш керакки, айрим ходимлар катта маош ва мукофотлар олса-да, ижро интизомини қўпол равишда бузмоқда, ҳужжатлар лойиҳаларини сифати паст даражада тайёрламоқда, назорат топшириқларининг ўз вақтида ижросини таъминламаяпти, керакли ташаббусни кўрсатмаяпти. Бундай ҳолатларга, албатта, мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
Шу билан бирга, айрим раҳбарлар муаммо ёки вазифанинг моҳиятини тушунтирмасдан, уларни ҳал қилишнинг аниқ механизмлари, шакллари ва усулларини таклиф этмасдан, амалда ҳужжатлар ва топшириқлар ижрочиларини фақат доимий танқид қилиш ҳамда уларга нисбатан кўплаб, баъзида эса асоссиз маъмурий жазолар чиқариш билан банд. Аммо, шунга қарамасдан, иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ва республика ҳудудларида тизимли вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилиши таъминланмаяпти.
Шу муносабат билан Президентимизнинг 2016 йил октябрда Ҳукумат мажлисида айтган қуйидаги сўзларини эслатиш ўринлидир: “Ўз ишига содиқ, ўзининг тўғридан-тўғри вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан бажараётган раҳбарга тегишли хулосалар чиқариши учун бир марта айтишнинг ўзи етарлидир. Конструктив ва асосли танқид мавжуд салоҳиятни намоён этиш ва фойдаланилмаётган захираларни самарали ишлатиш имконини беради, фақат номига айтилган танқид эса силжимас тоғ яратади”.
Фармонни амалга ошириш бўйича қабул қилинган биринчи галдаги амалий чора-тадбирлар
— Фармон қабул қилинганидан буён деярли бир ой ўтди. Айтингчи, ушбу ҳужжат талабларини бажариш борасида қандай амалий чоралар кўрилди?
— Сиз ҳақсиз, вақт кутиб турмайди. Боз устига, бу ерда бошқарувнинг барча даражаларида ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳақида сўз бормоқда. Бугунги кунда бу борада қуйидаги амалий чоралар кўрилди:
биринчи — Вазирлар Маҳкамаси томонидан Фармон ва унинг иловалари амалга оширилишини назорат қилиш режаси тасдиқланди. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва ҳудудлар ҳокимликларининг ҳайъат мажлисларида “йўл хариталари” атрофлича кўриб чиқилди ва тасдиқланди;
иккинчи — Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 48-ф-фармойиши билан Энергетика вазирлиги, Андижон вилояти ва Асака тумани ҳокимликлари мисолида қонунчилик ҳужжатлари бўйича назорат ва ҳисобдорлик ижросини ташкил қилиш намуналари ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимида, шунингдек, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликларида ушбу Фармон талаблари ҳисобга олинган ҳолда, ижро интизомининг ҳолатини комплекс ўрганиш бошланди;
учинчи — бошқарув органлари ва барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг шахсий иш режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларининг иш режалари намуна сифатида юборилди;
тўртинчи — Вазирлар Маҳкамаси аппаратида вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, олимларни таклиф этиб, таркибий бўлинмаларнинг Фармон талабларини амалга ошириш бўйича ҳисоботлари ва иқтисодий ўқишлар мавзулари тасдиқланди. Бошқарув органлари ва ҳокимликларга шундай амалиётни жорий қилиш учун материаллар юборилди;
бешинчи — жорий йилнинг 1-10 март кунлари 118 та вазирлик ва идоралар, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликларда Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари зиммасига юкланган раҳбарлар ва мутахассислар учун амалий семинарлар ўтказилади;
олтинчи — вазирликлар ва идоралар, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликларда ҳужжатлар ҳамда топшириқлар ижросини ташкил қилиш масалалари бўйича зиммасига масъулият юкланган раҳбарлар ва мутахассисларнинг сифатли таркибини ўрганиш ишлари бошланди;
еттинчи — Фармоннинг 8-бандига мувофиқ Адлия вазирлиги Ҳисоб палатаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда “Ijro.gov.uz” тизимининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.
Олдимизда бажарилиши лозим бўлган катта ҳажмдаги ишлар турибди. Бу эса, ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва республика туманлари ҳокимликлари раҳбарияти ва аппаратининг ижро интизомини мустаҳкамлаш шакллари ҳамда усулларини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини ва энг асосийси, амалий чора-тадбирларини максимал даражада йўналтиришни талаб қилади.
Шу муносабат билан бошқарув ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг барча раҳбарларига илтимос билан мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки: аппаратлар ходимлари ижро интизомини мустаҳкамлашда сизларнинг биринчи ёрдамчиларингиз ҳисобланади. Бу борада аниқ раҳбарлик, шахсий масъулият, қатъий интизом ҳамда ташаббускорлик зарур ва буларнинг барчаси самарали ҳамда натижали меҳнат пойдевори бўлиши зарур.
Ушбу серқирра ишда ҳар биримиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Эришилган натижалар билан чекланиб қолмаслик керак, барчамиз, эгаллаб турган лавозимларимиздан қатъи назар, мамлакатни янада изчил ривожлантиришни таъминлаш ҳақида ҳар доим ўйлашимиз шарт. Янги Ўзбекистон келажаги учун яшаш ва меҳнат қилиш — юксак масъулият ва шарафдир!”, деган кўрсатмаларига амал қилишимиз зарур.
Салим Дониёров суҳбатлашди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»