Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Содиқ Бадак: «Пандемия – ривожланаётган давлатларда туризм соҳаси ривожи учун ўзига хос имконият»
2021-01-19 | Туризм
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг хорижий маслаҳатчиси Содиқ Бадак (Туркия) Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида бўлиб, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.
Очиқ мулоқотда туризм соҳаси тадбиркорлик субъектлари – турфирмалар, меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари вакиллари, мазкур шаҳар ва вилоят ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирок этди.
Учрашувда хорижий маслаҳатчи Содиқ Бадак ўзининг «Пандемиядан кейинги даврда Ўзбекистонда туризм сиёсати ва ислоҳотлар»га бағишланган тақдимоти билан қатнашди. «Дунёдаги мавжуд пандемия ҳолати яқин вақтлар ичида сақланиб туради ва жаҳон ҳамжамиятининг прогнозларидан келиб чиқиб, 2021-2022 йиллар ҳам туризм соҳаси учун синовли давр бўлиши кутилмоқда.
Ушбу вазиятда дунёнинг ривожланаётган давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам дунё бўйлаб туризм соҳасидаги «турғунлик»дан фойдаланиб, ўзларининг туризм инфратузилмаларини талаб даражасида яхшилаш ва ривожлантириш имкониятига эга.
Шу ўринда, Ўзбекистон ҳукумати томонидан мураккаб пандемия шароитида туризм соҳасини барқарор ҳолатда ушлаб туриш ва келгусида уни комплекс ривожлантириш учун «Ўзбекистон туризм – 2035» махсус стратегияси ишлаб чиқилиб, бу борадаги зарурий ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур», – дейди хорижий маслаҳатчи Содиқ Бадак.
Тадбир ташкилотчи ва иштирокчилар ўртасидаги турли таклифлар ҳамда қизғин мунозараларга бой тарзда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги