Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Tourism. The path to innovation” танлови иштирокчилари тақдимоти ўтказилди
2021-01-12 | Туризм
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида туризм соҳасидаги истиқболли стартап-лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Tourism. The path to innovation” танлови доирасида сараланган лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Бу каби тақдимотлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6002-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Масъул комиссия аъзолари саралаб олинган 18 лойиҳа танлов тақдимотини кўриб чиқишди.
Иштирокчиларга лойиҳаларнинг ишга туширилиши ва афзалликлари ҳақида турли саволлар билан мурожаат қилишди. Комиссия томонидан маълум қилинишича, яқин кунларда ғолиблар аниқланади, лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши учун умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидия ажратилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу танловни ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, стартап-лойиҳа ташаббускорларидан ҳужжатлар 2020 йилнинг 15 октябрь кунидан 15 ноябрь кунига қадар қабул қилиниб, уларнинг умумий сони 217 тани ташкил қилган. Танлов комиссияси Ишчи органи томонидан танлов талаблари ва лойиҳанинг туризм соҳасига тааллуқли эканлиги инобатга олинган ҳолда 101 лойиҳа саралаб олинган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги