Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоразмни ривожлантириш бўйича «ўсиш нуқталари» белгиланди
2020-12-13 | Сиёсат
Хоразм вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама қилинди. Ҳар бир шаҳар ва туман, маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, «ўсиш нуқталари» белгиланди.
Хусусан, Урганч шаҳрида тўқимачилик ва туризм, Хива шаҳрида туризм ва қурилиш материаллари, Гурлан туманида тўқимачилик ва иссиқхона хўжалиги, Янгибозор туманида иссиқхона ва мева-сабзавотни қайта ишлаш, Тупроққалъа туманида машинасозлик ва электр техникаси каби йўналишларни ривожлантириш мумкинлиги қайд этилди. Шу йўналишларда ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга вазирлик ва банклар раҳбарлари бириктирилди. Барча лойиҳалар 16 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этиш имконини беради.
2021 йилда вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш мақсадларига 500 миллиард сўм кредит ресурси ажратилиши маълум қилинди.
Хоразм учун драйвер соҳалардан бири - туризм. Шу боис вилоятда меҳмонхона ўринларини кўпайтириш, салоҳиятли мамлакатлардан Урганчга доимий ва чартер рейслар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Ички туризмни ривожлантириш учун транспорт хизматларини яхшилаш, хусусан, Фарғона водийсидан авиа ва темир йўл қатновини йўлга қўйиб, бунинг дастлабки даврида 30 фоизлик чегирма қўллаш бўйича кўрсатма берилди. Кейинчалик бу тажриба Термиз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйича ҳам қўлланилади.
Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши айтилди. Келгуси уч йилда 2 минг 370 километр ички йўлларни таъмирлаш вазифаси қўйилди.
Ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Келгуси йили вилоят бўйича 2 минг хонадонли 100 та кўп қаватли уй-жой барпо этиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.
Таълим, тиббиёт, маданият соҳаларини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар белгиланди.
Президентимиз йиғилишда хоразмлик ёшлар билан алоҳида суҳбатлашди. Ҳар бирини эшитиб, таклифлари бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
- Қийин даврда, мураккаб шароитда яшаяпмиз. Ана шу шароитда ҳар бир туман, ҳар бир маҳалланинг ўз ўрни, марралари бор. Хоразмнинг марраси баланд бўлиши керак, - деди давлатимиз раҳбари.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти