Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоразм вилоятини маҳаллалар кесимида ривожлантириш чоралари муҳокама қилинмоқда
2020-12-13 | Сиёсат
Урганч шаҳрида Хоразм вилояти фаоллари ва тармоқлар мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш аввалида хоразмлик деҳқон ва фермерларни, бутун меҳнаткаш халқимизни бугунги Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан яна бир бор табриклади.
- Хоразмга бу йил иккинчи марта келяпмиз. Мақсад - сизларнинг кўзларингизга қараб, вилоятдаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, яна нима имкониятлар бор, қандай тартиб, қандай кўмак керак, нима натижа бўлади, деган саволларни қўйиб мулоқот қилиш. Баландпарвоз гаплар билан иқтисодиётни юритиб бўлмайди. Муаммони билсак, қарор тўғри, адолатли бўлади, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари «маҳалла раиси - ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилишини таъкидлади.
- Президент бир йилда бир келиб, кўриб кетгани билан натижа бўлиб қолмайди. Ҳар бир ҳоким, иқтисодий комплекс раҳбарлари ҳудуддаги муаммолар бўйича тизимли ишлаши керак. Четдан келиб биров қилиб бермайди. Мана, кеча Хоразмдаги шаҳар ва туман ҳокимлари билан гаплашдим. Қанча маблағ сўраса, бердим. Пулимиз кўплиги учун эмас, масала қўя олгани учун. Одамлар ҳам бефарқ бўлмаслиги керак. Маҳаллий кенгашлар, маҳаллалар талаб қилиши лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий масалалар танқидий кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизматларни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, кам таъминланганларни камбағалликдан чиқариш, маҳаллалардаги ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилиш давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти