Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Озарбайжон ишбилармонлар кенгаши мажлиси
2020-12-01 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон – Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ва ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси А.Икромов мамлакатимиз ўзаро ишонч ва дўстлик тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистоннинг туризм, фармацевтика саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқлари ҳақида тақдимот намойиш этилди.
Ўз навбатида, Озарбайжон томони мамлакатнинг ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий имкониятлари ҳамда Тоғли Қорабоғнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумотларни тақдим этди.
Мажлисда томонлар икки давлат ўртасидаги амалий ва узоқ муддатли ўзаро ҳамкорлик чораларини, мамлакатларимиз минтақалари ва йирик шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри иқтисодий алоқаларни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди. Сайёҳлик ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбирда ҳар икки мамлакатда ҳам Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Озарбайжон тадбиркорлари, миллий ташкилотлари конфедерациясининг ваколатхоналарини очиш юзасидан фикр алмашилди. Амалга оширилаётган ишлар мамлакатларимиз инвестиция ва савдо салоҳиятини кенгайтириш имконини бериши таъкидланди.
2020 йил январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 178 та корхона фаолият олиб бормоқда. Шундан 63 таси қўшма ва 115 таси тўлиқ хорижий капитал асосидаги корхоналардир.
Жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 61,7 миллион АҚШ долларни ташкил этди.
Тадбирда ахборот технологиялари соҳасидаги ўзаро алоқаларни фаоллаштириш заруратини инобатга олиб, ишбилармонлар кенгаши доирасида давлатларимиз ўртасида савдо ҳажмини ошириш учун электрон тижорат ва онлайн платформаларни ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.
Саидмурод РАҲИМОВ
Манба: ЎзА