Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюк Британияда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига тайёргарлик кўрилмоқда
2020-11-02 | Маданият
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан ўзбек тили ва адабиётининг асосчиси Алишер Навоий асарлари бўйича британиялик эксперт, профессор Николас Уолмсли билан видеоконференция форматида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Британиялик мутахассисга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий бойликлари, жумладан, ўзбек мумтоз адабиёти меросини асраб-авайлаш ҳамда уларни оммалаштириш борасида мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган сайъ-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.
Николас Уолмсли Ўзбекистон шоир ва ёзувчиларининг адабий асарларини оммалаштириш ўзбек халқи маданияти, тарихий қадриятлари ва анъаналарини теранроқ англашнинг муҳим омили эканини қайд этди. Шу нуқтаи назардан у Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи 2019 йил Буюк Британияда инглиз тилида нашр этилганини юқори баҳолади.
Унинг фикрича, Алишер Навоий асарлари инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатлар, жумладан, Буюк Британия ва АҚШ эксперт доиралари томонидан етарлича ўрганилмаган. Бироқ шу билан бирга ўзбек мумтоз адиби адабий мероси Европада яхши таниш. Хусусан, француз, немис ва итальян тилларида Навоий ижод гулшани ҳақида қатор илмий мақолалар чоп этилган.
Англиялик мутахассиснинг таъкидлашича, у Навоий асарлари ҳақидаги инглиз тилида илмий ишлар ёзаётган кам сонли муаллифлардан биридир. Н.Уолмсли, хусусан, “Алишер Навоийнинг “Насойим ал-маҳабба” асарида “Яссавия” тариқати элементлари” (2014й.), “Алишер Навоий: тақлид, инновация ва 1500-1900 йилларда Марказий Осиё адабий маданиятини шаклланиши (2016й.), “Алишер Навоий ва туркий/форсий шеъриятнинг бой олами” (2020й.) ва бошқа илмий мақолалар кстида иш олиб борган.
Айни пайтда эксперт Қўқон ва Хива хонликлари даврида Алишер Навоий ҳамда ўзбек мумтоз шеърияти вакиллари Нодира ва Муҳаммад Раҳимхон Феруз асарларини қиёсий таҳлил ва тадқиқ этиш устида иш олиб бормоқда. Тадқиқотчининг фикрича, ушбу илмий изланишларнинг натижалари инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларда Алишер Навоийнинг кўп асрлик фалсафасини тушунишда “адабий қўлланма” вазифасини ўтайди.
Британиялик эскперт яқинда Алишер Навоийнинг 30 дан ортиқ ғазалини инглиз тилига таржимасини якунлаганини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан элчихона 2021 йил февраль ойида Навоийнинг 580 йиллиги арафасида шоирнинг инглиз ва ўзбек тилидаги шеърий тўпламини нашр этиш таклифини ўртага ташлади.
Николас Уолмсли, шунингдек, элчихона томонидан Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тадбир доирасида ўз илмий тадқиқотлари ҳақида сўзлаб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Николас Уолмслининг Ўзбекистондаги ихтисослашган олий ўқув юртлари талабалари учун маърузалар ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги