Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2020-10-08 | Ҳужжатлар
Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ўтган даврда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Юртимизда 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда.
Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.
Кўп миллатли халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини кўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бадиий академия ҳамда кенг жамоатчиликнинг қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.
2. Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) ташкил этилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда малакали олимлар ва мутахассислардан иборат тегишли гуруҳларни тузиш;
қатағон қурбонларини вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида номма-ном аниқлаш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш бўйича ушбу гуруҳларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш;
қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материалларни, ноёб суратларни тўплаш ишларини мувофиқлаштириш;
аниқланган қатағон қурбонларининг номларини Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритиш;
шаҳид бўлган юртдошларимиз хотирасини келгуси авлодларга безавол етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китоби нашрга тайёрланиши ва чоп этилишини таъминлаш;
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда унинг ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошидаги бўлимларининг фондлари ва экспозицияларини янги топилган маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб борилишини ташкиллаштириш;
хориждаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, илмий экспедициялар ташкил этиш;
ўрганишлар жараёнида аниқланган, муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиб бориш;
қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида илмий-тарихий китоблар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш ишларини мувофиқлаштириш;
қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида улар туғилиб вояга етган ва истиқомат қилган маҳаллалар ва умумтаълим мактабларида хотира бурчакларини ташкил этиш;
“Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган ғоя асосида барча туман, шаҳар ва маҳаллаларда аҳоли, айниқса, ёш авлодни мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи ота-боболаримизнинг хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг кўрсатган жасорати ва ибратли фаолиятларини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиш.
4. Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ишчи гуруҳга қатағон қурбонлари номларини аниқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, илмий-тадқиқот муассасаларининг юқори малакали мутахассисларини, экспертларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари вакилларини жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
6. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида қатағон қурбонларининг номлари қайд этиладиган рамзий китобни яратиш, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошидаги бўлимларининг, шунингдек, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фондининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фонднинг ҳомийлар гуруҳи таркибини янгилаш ва улар томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳамда халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантларини жалб этиш юзасидан Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
Бунда, жумладан, хориждаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш, чет элдаги мавжуд манбаларни излаб топиш ва ўрганиш, шунингдек, қатағон қурбонлари ҳақида янги бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрлаш, хотира китоблари ва фотоальбомларни нашр этиш, ташкилий ишларни молиялаштириш масалалари кўзда тутилсин.
7. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу фармойиш ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни кенг ёритиш, мавзуга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни эфирга узатиш ҳамда матбуот нашрлари ва Интернет саҳифаларида мақолалар эълон қилиш тавсия этилсин.
8. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Р.С.Қосимов ва А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 8 октябрь
Манба: ЎзА