Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ипак йўли” туризм халқаро университетида аттестация ўтказилди
2020-09-08 | Туризм
Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги 2666-сонли қарори билан тасдиқланган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомга мувофиқ, жорий йилнинг 17-18 август кунлари “Ипак йўли” халқаро туризм университети раҳбар ва ходимлари аттестациядан ўтказилди.
Университет раҳбар ва ходимларининг аттестацияси қуйидаги мақсадларда ўтказилди: университет фаолиятининг ислоҳотлар ва модернизациялашнинг устувор мақсад ва вазифаларига мувофиқ ташкил этилганлигини ўрганиш; университет ходимларининг касбий лаёқати ва омилкорлигини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб ўрганиш, уларнинг ўз касбига лойиқлик даражасини аниқлаш; ходимларнинг билим, тажриба ва меҳнатидан самарали фойдаланиш, уларнинг малакасидан келиб чиқиб лавозимларга тайинлаш, касбий малакаси ва билимларини юксалтириш; бўш ўринларни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, лавозимларга ёш ва иқтидорли номзодлар заҳирасини шакллантириш; соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, иш сифати ва самарадорлигини ошириш.
Аттестация давомида аттестация комиссияси аъзолари томонидан илмий тадқиқотлар билан ишлаш, сиртқи (махсус сиртқи), халқаро таълим дастурлари, инновацион патентлаштириш бўлимлари, “Умумкасбий ва ихтисослик фанлари” кафедраси ва университетнинг Ахборот-ресурс маркази фаолиятлари қониқарсиз деб топилиб, университет раҳбариятига ушбу бўлинмалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва уларни етук малакали кадрлар билан тўлдириш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, аттестация жараёнида ўзининг юқори билими, иш тажрибасини аъло даражада намоён этиб, эгаллаб турган лавозимига лойиқ деб топилган ходимлар юқорироқ лавозимларга заҳирага олинди ҳамда университет раҳбариятига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ташаббускор ходимларни рағбатлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, университетнинг собиқ биринчи проректор вазифаси бажарувчи Баходир Тураев ўз фаолиятида йўл қўйган камчиликлари, кадрларни ишга олишдаги малакасизлиги, университетни бошқаришдаги сусткашлиги ҳамда Ҳукумат ва юқори турувчи ташкилотларнинг топшириқларини мунтазам қўпол равишда бузганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги