Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёшлар парламенти – ёшларнинг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қилади

2020-08-27 | Ёшлар

Олий Мажлис Сенати ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ёшлар парламентининг ўрни ва истиқболдаги долзарб вазифаларига бағишланган онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Сенат Раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.
 
Бугунги кун ёшлари дунё миқёсида ўз эркинликлари, қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига оид долзарб муаммоларни ҳал қилиш ва уларга таъсир кўрсатишда демократик ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнининг ҳақиқий иштирокчисига айланмоқда.
 
Республикамизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
 
Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди.
 
Бу эса ёш авлодга уларнинг манфаатларига таъсир кўрсатадиган муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал қилиш жараёнида иштирок этиш учун платформа вазифасини бажаради.
 
– Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши бу – ёшларга оид сиёсат бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат, – дейди Танзила Норбоева. – 100 нафар фаол ёшлардан ташкил топган Ёшлар парламентининг аксарият аъзолари, аниқроғи 84 нафари маҳаллий Кенгашлар таркибидаги ёш, салоҳиятли депутатлар орасидан сайланган. Эндиликда ёшлар парламентининг ҳар бир аъзоси ўзи истиқомат қиладиган ҳудуд ёшларига тегишли муаммоларни ўрганиб, унинг сабабларини аниқлаб, ушбу муаммоларни ёшлар ўртасида муҳокама қилиб, уни бартараф этиш юзасидан лойиҳа тайёрлаши, ёшларнинг янги ташаббусларини олиб чиқиши талаб этилади.
 
Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси депутатлар, Сенат аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, ёшларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб бориш каби вазифаларни бажаради. Ёшлар парламенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар тавсиявий характерга эга бўлади.
 
Давра суҳбатида Ёшлар парламенти раиси Моҳистара Муҳаммадюнусова ушбу тузилма комиссияларининг келгусидаги вазифалари, парламент иш режаси ва регламенти лойиҳалари ҳақида айтиб ўтди.
 
Хусусан, Ёшлар парламенти аъзолари Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни чинакам халқ ҳаракатига айлантириш, ҳудудлардаги рақамли технологиялар ўқув марказлари ва “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига ўғил-қизларни кенг жалб этиш, муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаларида жойлардаги ёшлар манфаатлари ифода этилаётганини таҳлил қилиш, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари ва имконияти чекланган ёшларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларда фаол қатнашиш каби режаларни устувор мақсад қилиб белгилаган.
 
– Президентимиз, қолаверса, Сенат томонидан эндигина ташкил этилган Ёшлар парламентига жуда катта ишонч билдирилаётгани биз ёшларга янада масъулият юклайди, – дейди Ёшлар парламенти аъзоси Беҳзод Тўхтамуродов. – Биз ўз иш фаолиятимиз давомида ёшларнинг муаммоларини, таклиф ва ташаббусларини олиб чиқишимиз, айниқса, ҳудудлардаги ёшлар билан боғлиқ вазият, қабул қилинаётган қонунларда ёшлар манфаати қанчалик акс этаётганини чуқур ўрганишимиз зарур. Қисқа давр ичида аудитория билан ишлаш, Ёшлар парламенти ташкил этилгани тўғрисида уларни кенгроқ хабардор қилиш, уларнинг фикр ва ғояларини ижтимоий тармоқлар орқали қабул қилиш бўйича ишларни бошладик. Тез орада ёшлар фаол бўлган ижтимоий тамоқларда аудиториямизни шакллантириб оламиз.
 
Тадбир давомида Сенатнинг ҳар бир қўмитаси Ёшлар парламенти билан яқин ҳамкорликда ишлаши зарурлиги таъкидланиб, комиссиялар тегишли қўмиталарга бириктирилди.
 
Нурилло НАСРИЕВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться