Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲ иштирокчи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирликларининг консуллик хизматлари раҳбарлари маслаҳат кенгаши йиғилиши тўғрисида
2020-08-27 | МДҲ
Ўзбекистон Республикасининг МДҲга раислиги доирасида, 2020 йилнинг 26 август куни Ҳамдўстликка иштирокчи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирликларининг консуллик хизматлари раҳбарлари маслаҳат кенгашининг 27-йиғилиши видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.
Консуллик хизматлари раҳбарлари маслаҳат кенгаши 1992 йил 13 ноябрдаги Консуллик соҳасида Ҳамдўстлик давлатларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадлари ва тамойиллари тўғрисидаги баённомага мувофиқ ташкил этилган. 2018 йил июль ойига қадар Ўзбекистон Маслаҳат кенгаши ишида кузатувчи сифатида иштирок этди, шундан сўнг у тўлақонли аъзо бўлди.
Маслаҳат кенгашининг 27-йиғилишида Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Озарбайжон Республикаси (кузатувчи сифатида), Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этдилар.
Учрашув давомида Кенгаш аъзолари ҳудудларида иштирокчи давлатлар фуқароларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, COVID-19 пандемияси тарқалиши шароитида уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилинди.
Иштирокчи давлатлар ҳукуматлари томонидан коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган самарали чораларнинг долзарблигини англаган ҳолда, Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида биргаликдаги ишларни кучайтириш зарурлиги, шунингдек, томонларнинг фуқароларига ёрдам кўрсатишда келгусидаги ҳамкорликка тайёрлик таъкидланди.
Мажлисда консуллик-ҳуқуқий соҳадаги келгусидаги ҳамкорлик масалалари, МДҲга аъзо давлатларнинг консуллик хизматлари ҳамда ваколатли органлари ўртасида улар иштирок этадиган халқаро шартномалар ва битимларни ижро этиш бўйича ҳамкорликнинг вазифалари ва истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Тадбир якунлари бўйича Баённома имзоланди, унга кўра 2021 йилда МДҲ мамлакатлари Ташқи ишлар вазирликлари консуллик хизматлари раҳбарлари кенгашининг раислиги Арманистонга ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги