Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Турк инвесторларининг Ўзбекистондаги фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди

2020-08-26 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 24 август куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг режалаштириш ва бюджет комиссияси Раиси Л.Элван билан учрашуви бўлиб ўтди.

Йирик турк бизнес вакиллари иштирок этган ушбу учрашув давомида турк ва ўзбек компаниялари иштирокида бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва автомобиль саноати ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларга бўлажак инвесторларни жалб этиш доирасида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, электроэнергетика, қурилиш ва тўқимачилик каби устувор соҳаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш учун турк эксперт-маслаҳатчиларини жалб қилишда ҳамкорлик қилиш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Шу йўналишда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, хуфёна иқтисодиётга ва коррупцияга қарши кураш борасидаги Туркия тажрибасини қўллашнинг истиқболлари таъкидланди. Туркиялик экспертлар томонидан қонунчилигимизда давом этаётган ўзгаришларнинг Республика инвестиция муҳитига таъсирини баҳолаш, шунингдек, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашда амалий ёрдам кўрсатишларига келишиб олинди.

Электрон ҳукумат тизимини жорий этиш бўйича Туркия тажрибасини қўллашни назарда тутиб давлат бошқарувини рақамлаштириш доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ташаббусни амалга оширишнинг амалий масалаларини ҳал қилиш учун икки мамлакатнинг тегишли идора ва вазирликлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳни тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Туркия ҳудудида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини тизимлаштириш ва масалаларини ҳал этиш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли давлат тузилмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш орқали меҳнат миграцияси соҳасида ҳукуматлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам аниқ механизмлар ишлаб чиқилди.

Учрашув якунида белгиланган йўналишларда қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича амалий тадбирлар режаси тузилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться