Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БАА ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари билан музокаралар тўғрисида
2020-08-26 | Сиёсат
2020 йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Халифа Шаҳин ал-Марар билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳаларга оид икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил март ойида БААга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани ҳамда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ўзаро алоқаларни амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Шунингдек, турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирлар, хусусан, икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичини ташкил этиш муддатлари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишида илғор тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар БААда меҳнат қилаётган ватандошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги