Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Сўнгги йилларда республикада ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишларда олиб борилган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.
Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш мақсадида:
1. Адлия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:
биринчи босқичда (2020 йил давомида) – фуқаролар соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим турларини қисқартириш ва тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш, тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжат талаб қилмаслик ва уларнинг вақт ҳамда маблағлари сарфланишини камайтириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, тегишли ҳужжатларни бериш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш;
иккинчи босқичда (2020-2021 йиллар давомида) – лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг паспортларини ишлаб чиқиш, айрим турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар беришнинг намунавий маъмурий регламентларини жорий қилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш.
2. Белгилансинки 2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг:
1-иловага мувофиқ айрим турлари бекор қилинади;
2-иловага мувофиқ айрим турлари бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;
3-иловага мувофиқ айрим турлари хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;
б) 4-иловага мувофиқ лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим турларини расмийлаштириш муддатлари қисқартирилади.
Хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.
Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органлар (кейинги ўринларда – ваколатли органлар) 2021 йил 1 январга қадар аввал расмийлаштирилган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар реестрини хатловдан ўтказсин ва янги тартиб асосида юритилишини таъминласин.
3. Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. 2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгилансин;
б) қуйидагилар бекор қилинсин:
кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;
дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;
ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.
5. Белгилансинки:
хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият жумласига фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниши талаб этилмайдиган, бироқ давлат томонидан тартибга солиниши ҳамда тегишли фаолият билан шуғулланаётган субъектларнинг ҳисобини юритишни таъминлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олиш орқали амалга ошириладиган фаолият турлари киради;
хабарнома юбориш орқали жисмоний ва юридик шахслар хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқ эканликларини тасдиқлайди. Бунда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқлиги ҳужжатларни тақдим этиш жараёнида устувор равишда инсон аралашувисиз текширувдан ўтказилади;
амалга оширилиши учун лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ва ваколатли органни хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турлари рўйхатлари қонун билан тасдиқланади ҳамда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг ушбу рўйхатларга киритилмаган фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий тартиб-таомиллардан ўтишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
6. Ваколатли органлар томонидан қуйидаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши тақиқлансин:
лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш, ушбу ҳужжатларни бериш, шунингдек, назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектини лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларда назарда тутилмаган ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишга бевосита ёки билвосита мажбурлаш.
7. 2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилсин ва уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарликка тортиш ва бошқа чоралар қўлланилиши тақиқлансин.
8. Фаолиятнинг лицензияланадиган тури билан шуғулланадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларнинг тегишли лицензияни олмасдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи 2021 йил 1 январдан бекор қилинсин.
9. Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга ҳамда махсус мобиль иловаси мавжуд бўлган “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва ишга туширилишини таъминласин.
Бунда, “Лицензия” ахборот тизими қуйидаги имкониятларга эга бўлиши назарда тутилсин:
а) лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш борасида:
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш ёки амал қилиш муддатини узайтириш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни топшириш, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш;
ваколатли органлар томонидан аризаларни кўриб чиқиш ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ёки беришни рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилиш;
фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида ваколатли органни хабардор қилиш учун хабарномалар юбориш ва хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқномалар олиш;
аризани кўриб чиқиш учун давлат божи, йиғим ва барча турдаги тўловларни Ягона биллинг тизими орқали электрон тўлаш;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш ҳақидаги аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш;
б) лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида:
бошқа ваколатли органлардан қўшимча ҳужжат ва маълумотларни олиш ҳамда улар билан келишишни “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз мустақил равишда амалга ошириш;
берилган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг ҳамда хабарнома юборган тадбиркорлик субъектларининг автоматлаштирилган реестрларини юритиш;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларга ҳамда хабарномаларга алоқадор маълумотларни тегишли идораларнинг маълумотлар базаси орқали автоматик тарзда текшириш;
в) лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда хабарномаларга тегишли бўлган талаб ва шартларнинг бажарилишини мониторинг қилиш борасида:
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда хабарномаларга доир талаб ва шартларга риоя этилиши устидан ваколатли органлар томонидан масофавий назоратни амалга ошириш;
давлат хизмати кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда хабарномалар билан боғлиқ ҳаракатлар, шу жумладан, бекор қилиш ва тўхтатиб туриш бўйича ваколатли органлар томонидан суд ва бошқа идораларга мурожаат қилиш;
аризаларни кўриб чиқиш, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёҳуд беришни рад этиш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорлар устидан жамоатчилик назоратини жорий этиш, шунингдек, тегишли фаолият билан лицензиясиз ёки бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёҳуд хабарнома юбормасдан шуғулланиш ҳамда белгиланган талаб ва шартларни бузиш ҳолатлари ҳақида тўғридан-тўғри жойлашиш нуқтасини кўрсатган ҳолда маълумот бериш;
ваколатли органларнинг автоматик шакллантириладиган рейтингини юритиш;
ваколатли органлар томонидан берилган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг ҳамда хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолияти (ҳаракати) давомида назорат қилишнинг аниқ мезонларини белгилаган ҳолда “хавфни таҳлил этиш” тизимини жорий қилиш.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб:
лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади, бундан ташқи иқтисодий фаолият субъектларига “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган тартиб-таомиллар мустасно;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш ҳамда ваколатли органни хабардор қилиш ҳақидаги аризалар ва уларга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланган ҳолда Интернет тармоғи орқали қабул қилинади;
барча турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда хабарнома қабул қилинганлиги ва реестрга киритилганлик ҳақида хат уларнинг ҳаққонийлигини онлайн текшириш имконини берадиган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда расмийлаштирилади ва уларни махсус бланкаларда бериш тартиби бекор қилинади, бундан халқаро шартномаларга мувофиқ махсус қоғоз бланкаларида расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлар мустасно;
бошқа ваколатли органлардан қўшимча ҳужжатларни олиш ёки улар билан келишиш асосий ваколатли орган томонидан тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз “Лицензия” ахборот тизими орқали мустақил равишда, шу жумладан, жавоб беришни талаб этмайдиган, тўғридан-тўғри маълумот олишга имкон берувчи интеграциялашган платформага уланиш орқали амалга оширилади. Белгиланган муддатларда бошқа ваколатли органлар томонидан жавоб берилмаганда қўшимча ҳужжатлар олинган ёки улар билан келишилган ҳисобланади, бунда мазкур ваколатли органлар вужудга келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади;
тегишли фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёҳуд хабарнома юбормасдан шуғулланиш ҳамда белгиланган талаб ва шартларни бузиш ҳолатлари билан боғлиқ, шунингдек, ваколатли органлар томонидан аризаларни кўриб чиқиш, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёҳуд беришни рад этиш ҳамда унинг амал қилишини тўхтатиб туриш билан боғлиқ қонун бузилишларини аниқлаб, бу ҳақда ваколатли органларга хабар берган жисмоний шахслар ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топганда ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади, бундан лицензиатнинг лицензия берганлик учун давлат божини тўламаган ҳоллар мустасно;
лицензия даъвогари маълум бир соҳада лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўла туриб, худди шу соҳадаги алоҳида фаолият турига лицензия бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилса, у томонидан лицензияловчи органга фақатгина қўшимча лицензия талаблари ва шартларини қаноатлантирадиган маълумотлар тақдим этилади;
фаолиятни бошлаганлик ҳақида ваколатли органни хабардор қилишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизигача йиғим ундирилади, бундан қурилиш-монтаж ишларини ва алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ҳақидаги хабарномалар мустасно.
11. “Лицензия” ахборот тизими Давлат хизматлари агентлиги, БМТнинг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси грант маблағларини жалб қилган ҳолда очиқ тендер асосида ишлаб чиқилиши маълумот учун қабул қилинсин.
“Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиши муносабати билан давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини ҳамда уларнинг талаб ва шартлари назоратини амалга ошириш борасидаги барча электрон дастурлар ишлаб чиқилиши тўхтатилсин, бунда ушбу дастурларни ишлаб чиқиш Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ижобий хулосасига мувофиқ давом эттирилиши мумкин.
Ишлаб чиқилиши тўхтатиладиган дастурлар учун мўлжалланган маблағлар “Лицензия” ахборот тизимининг ишлаши учун зарур бўлган идоравий инфратузилма ва электрон базаларни яратишга йўналтирилсин.
12. Давлат хизматлари агентлиги “Лицензия” ахборот тизимини юритиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин ҳамда унга лицензиялаш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ваколати берилсин.
13. “Лицензия” ахборот тизимини такомиллаштириш ҳамда унинг давлат органларининг идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграциялашувини ташкил этиш бўйича ишлар
Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилсин.
“Лицензия” ахборот тизими электрон ҳукумат тизимининг ажралмас қисми эканлиги инобатга олинсин ва келгусида техник-қўллаб қувватлаш бўйича масъул орган этиб Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгилансин.
Адлия вазирлиги “Лицензия” ахборот тизими тўлиқ ишга туширилганидан сўнг икки ой муддатда уни ўрнатилган тартибда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфига беғараз равишда ўтказиб берсин.
14. Белгилаб қўйилсинки:
ҳар бир лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомили унинг амал қилиши натижасида эришилган мақсадларни, ижтимоий-иқтисодий, инновацион ва технологик ривожланишнинг жорий ҳолатини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг харажатларини баҳолаган ҳолда камида ҳар беш йилда қайта кўриб чиқилади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида янги турдаги лицензияланадиган фаолият йўналиши ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни ёхуд фаолиятни бошлашнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилаётганда ушбу тартиб-таомилнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш мажбурий ҳисобланади;
янги турдаги лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва фаолиятни бошлашнинг хабардор қилиш тартибини жорий этишни ҳамда уларни тартибга солиш шаклларини ўзгартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ижобий хулосалари мавжуд бўлгандагина, шунингдек, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигига киритилади.
15. Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини комплекс ва тизимли ислоҳ қилишнинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун:
а) уч ой муддатда “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш йўли билан қуйидагиларни назарда тутувчи яхлит қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларидан ўтишнинг ягона ва шаффоф тартибини ўрнатиш;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштирадиган, келишадиган ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган ваколатли орган ва ташкилотларнинг ваколатларини белгилаш;
лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнида ваколатли орган ва ташкилотлар билан ўзаро муносабатда бўладиган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг ягона тизимини жорий қилиш;
лицензияланадиган фаолият турлари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, шунингдек, ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият ва ҳаракатлар рўйхатини тасдиқлаш;
лицензия шартномасини расмийлаштириш амалиётидан воз кечган ҳолда, лицензия талаб ва шартларини қонун ҳужжатларида белгилаш;
юридик шахсларнинг филиал ва ваколатхоналари томонидан лицензияланадиган, рухсатнома олиш ёки хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турларини амалга ошириш тартибини аниқлаштириш;
лицензияни чақириб олиш тартибини ва ушбу тартибга асосан чақириб олиниши мумкин бўлган фаолият турларини аниқ белгилаш;
“хавфни таҳлил этиш” тизимини жорий қилиш орқали лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларга риоя қилиш аҳволини
назорат қилиш;
б) 2021 йил 1 февралга қадар Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва ваколатли органлар билан биргаликда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш мақсадида уларнинг паспортларини ишлаб чиқиш ва кодификациялаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Адлия вазирлиги қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
Бош прокуратура билан биргаликда уч ой муддатда юридик ва жисмоний шахсларнинг лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиниши ҳамда хабардор қилиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз ёки рухсатномасиз ёхуд хабарнома юбормасдан шуғулланганлиги, шунингдек, хабардор қилиш тартибида фаолият юритиш учун белгиланган талаб ва шартларнинг бажарилганлиги юзасидан ваколатли органга ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳасини;
2020 йил 1 декабрга қадар тегишли ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаб, тегишли ваколатли органларга хабар юборган жисмоний шахсларни рағбатлантириш тартибини;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни.
17. Ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров айрим турдаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий этилиши муносабати билан тегишли қонун қабул қилинганидан сўнг хабардор қилиш тартиби бўйича низомлар қисқа муддатларда тасдиқланишини таъминласин;
б) Адлия вазирлиги (Давлетов):
ваколатли органлар билан бевосита ва онлайн видеоалоқа тизими орқали учрашувлар ташкил этиш графигини тасдиқласин;
тасдиқланган графикка асосан ваколатли органларга мазкур Фармонда назарда тутилган тартибларни ва “Лицензия” ахборот тизимининг ишлаш тамойилларини тушунтириб борсин;
ваколатли органларга тегишли лойиҳаларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатсин;
в) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков):
Адлия вазирлиги билан биргаликда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тақдим этадиган ва келишиш жараёнларида иштирок этадиган барча давлат органлари идоравий ахборот тизимларининг “Лицензия” ахборот тизими билан интеграциялашувини таъминлаш чораларини кўрсин;
“Лицензия” ахборот тизимининг узлуксиз ишлашини таъминласин ҳамда Давлат хизматлари агентлиги томонидан “Лицензия” ахборот тизими фаолиятида нуқсон ва носозликлар аниқланганида, Агентлик талабномасига асосан уларни уч кунда бартараф этиб борилишини таъминласин;
г) ваколатли органлар:
икки ой муддатда “Лицензия” ахборот тизимига уланиш ва ўзларининг электрон тизимларини интеграция қилиш, тегишли инфратузилмани яратиш ҳамда ўз электрон базаларини шакллантириш чораларини кўрсин;
амалдаги фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби ҳамда хабардор этиш тартиби тўғрисидаги низомларни ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқсин;
мазкур Фармон қабул қилингунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан ташкил этилган ва лицензияланадиган фаолият билан шуғулланадиган ташкилотларга уларнинг мурожаатларига асосан белгиланган тартибда лицензиялар берилишини таъминласин;
д) Бош прокуратура (Йўлдошев):
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда лицензиялаш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан тизимли назоратни ўрнатсин;
белгиланган муддатларга риоя қилмаслик оқибатида автоматик тарзда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, шу жумладан, уларни идоралараро келишувда ижобий хулосалар берилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилсин, коррупциявий ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш чораларини кўрсин;
е) Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов) лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бериш ва хабардор қилиш жараёнида асоссиз рад этиш ёки ҳаракатсизлик орқали бозорларга янги хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига (фаолият юритишига) тўсиқ қўйиш йўли билан рақобат чекланишининг олдини олсин, рухсат этиш тартиб-таомиллари учун давлат божи ва йиғимлар миқдори шакллантирилишининг асослилигини назорат қилсин;
ж) Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Касимов) ваколатли органлар томонидан лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати мавжуд субъектлар фаолиятида ўтказиладиган текширувлар лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат талаблари доирасида амалга оширилиши устидан назоратни олиб борсин;
з) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Ходжаев) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилган ҳолда мазкур Фармонда белгиланган
чора-тадбирларни аҳоли орасида кенг ёритиш чораларини кўрсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2020 йил 24 август
Манба: ЎзА