Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон - Россия: кенгайтирилган савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлиги сари
2020-08-20 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 19 август куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлиги масалаларининг кенг кўлами муҳокама қилинди.
Суҳбатда иккала мамлакат ўртасидаги ишончли муносабатларнинг юқори даражаси ҳамда турли даражадаги икки томонлама ҳамкорликнинг очиқ ва конструктив характери қайд этилди. Иккала томон устувор соҳалардаги ҳамкорлик динамикасини ижобий баҳолаб, иқтисодий шериклик ва саноат кооперациясининг янги йўналишларини ишлаб чиқиш аниқ келишувларга эришиш учун юксак истиқболга эга эканлиги тўғрисида ягона фикрга келдилар.
Россия ва Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани билан янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва савдо шартномалари тузиш мақсадида вазирликлар, идоралар ва ҳудудий маъмуриятлар раҳбарларининг ҳамда тадбиркорлик вакилларининг ташрифларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, биргаликда ўтказилиши режалаштирилган бир қатор тадбирларни, жумладан, II Минтақалараро ҳамкорлик форуми, Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ХХЮК) ҳудудида "Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази"нинг очилиши, Москва шаҳрида "Made in Uzbekistan" Миллий кўргазмаси, Таълим форуми ва Медиафорумини юқори савияда ўтказиш мақсадида икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Россия Федерациясида Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини ташкил этишнинг ошкора механизмларини жорий этишни назарда тутган ҳолда РФ ҳудудидаги ўзбекистонлик мигрант фуқароларнинг фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар амалий ҳамкорлик ва аниқ чораларни амалга ошириш, шу жумладан, тегишли ҳукуматлараро битимларни тезкор равишда тузиш ҳамда меҳнат миграцияси соҳасида махсус механизмларини яратиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашув якунлари бўйича яқин келажакда икки томонлама ҳамкорликни илгари суриш юзасидан амалга ошириладиган қўшма тадбирлар келишиб олинди ва муҳокама этилган йўналишлар доирасида келгусида биргаликда иш олиб бориш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги