Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мажбурий меҳнат бўйича 6 ойда 39 ҳолат аниқланди

2020-08-19 | Жамият

Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, мажбурий меҳнатни тақиқловчи нормалар халқаро ва миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган. Мамлакатимиз ҳозирги кунга қадар Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги ҳамда “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги Конвенцияларини ратификация қилган.

Президентимизнинг “Одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан айнан мажбурий меҳнатга қарши курашиш билан шуғулланувчи турли давлат органлари вакилларидан тузилган Одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ва унинг таркибида Мажбурий меҳнатга қарши курашиш кичик комиссиялари ўз фаолиятини бошлаган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда урф-одатга айланиб қолган ҳашар тадбирларининг қандай тартибда ташкиллаштирилиши ҳамда мажбурий меҳнатдан фарқига аниқлик киритиб берилди. Ушбу ҳужжатлар мажбурий меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатлари ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Халқаро стандартлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги бўйича мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Мажбурий меҳнат бўйича маъмурий жавобгарлик чоралари 1994 йилдан белгилаб берилган бўлса, 2020 йилнинг 22 январь куни қонунчилигимизга киритилган сўнгги ўзгартиришлар натижасида Жиноят кодексида мажбурий меҳнатга такроран йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик нормалари ҳам белгилаб берилди.

Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жарима миқдори 2019 йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30-50 бараваригача оширилган бўлса, 2020 йил 22 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, маъмурий жавобгарлик чоралари, яъни жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50-100 бараваригача қилиб белгиланди.

Ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган бўлса, Жиноят кодексига киритилган янги модда бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 100-150 бараваригача жарима, 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо белгиланди.

Миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар мажбурий меҳнат ҳолатларининг йилдан-йилга камайиб боришга замин яратмоқда.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, 2019 йилда турли тармоқлар орқали мажбурий меҳнат билан боғлиқ жами 1 минг 282 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 609 таси пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига, 384 таси ободонлаштириш ишларига, 228 таси қурилиш, таъмирлаш ишларига ва 61 таси навбатчиликка жалб қилиш билан боғлиқ масалаларга оиддир.

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича мамлакатимизда қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бироқ айрим мансабдор шахслар томонидан қонун бузилишлари содир этилиши, фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол этиши каби хунук ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Ўтган йилда мажбурий меҳнатга тизимли равишда қарши курашиш мақсадида 2 минг 779 та корхона ва ташкилотда ўрганиш ўтказилиб, мажбурий меҳнат бўйича жами 259 та ҳолат қайд этилди. Шундан, 112 таси бевосита ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ходимларни мажбурий жалб этиш билан боғлиқдир. Энг кўп ҳолатлар Самарқанд (16 та), Қашқадарё (12 та) ва Бухоро (10 та) вилоятларида қайд этилган. Шунингдек, иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилди.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мажбурий меҳнат бўйича 39 та ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг барчасида мансабдор шахсларга нисбатан тегишли маъмурий жарималар қўлланилди. Энг кўп ҳолатлар Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди.

Карантин даврида Давлат меҳнат инспекциясига фуқаролардан 9 минг 901 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 4 минг 170 таси Ишонч телефони орқали, 1 минг 144 таси веб-сайт орқали, 519 таси телеграм канали орқали ва 4 минг 68 таси бошқа манба орқали юборилган.

Юқоридаги аризаларнинг аксариятини ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўламаслик, ноқонуний ишдан бўшатиш билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этади. Ушбу мурожаатларнинг энг кўпи, яъни 1 минг 723 таси қурилиш ташкилотларида ишлайдиган фуқаролардан келиб тушган бўлса, 1 минг 363 таси соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан юборилган.

Юқоридаги мурожаатларнинг 4 мингдан ортиғи қаноатлантирилган.
 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться