Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
TOBB ETU Университетининг Тошкент филиалига кириш имтиҳонларини ўтказиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ишчи йиғилиш
2020-08-10 | Таълим
Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни жорий йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Сўнгги йилларда олий таълим тизимидаги ўзгаришлар натижасида ёшлар ва уларнинг ота-оналарида ўқишга ишонч ортди. Ҳужжат топшириш тўлиқ масофавий шаклда амалга оширилгани аҳолига катта қулайлик яратмоқда.
Бугунги кунда ўқишга қабул қилиш тестлари қачон, қаерда ва қандай тартибда ўтказилиши ҳамда 2020/2021 ўқув йилида таълим жараёни қандай ташкил этилиши барчани ўйлантирмоқда. Бунга сабаб, табиийки, турмуш тарзимизни ўзгартириб юборган коронавирус пандемияси.
Шу муносабат билан, 2020 йилнинг 7 август куни, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида TOBB ETU университетининг Тошкент филиалига кириш имтиҳонларини ўтказиш масалаларини муҳокама қилиш учун онлайн конференц алоқа шаклида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган расмий ташрифи доирасида 19 февраль куни Анқара шаҳрида ўтказилган Олий даражадаги Ўзбекистон - Туркия биринчи стратегик ҳамкорлик йиғилиши натижалари бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия Палаталари ва биржалари иттифоқи ўртасида “ТОВВ” қошидаги Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзоланган.
2020 йилнинг 17 июнь кунида Вазирлар Маҳкамасининг 389-сонли қарори билан «Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология TOBB ETU Университетининг филиалини очиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, ТДИУ раҳбарияти, шунингдек турк томонидан: ССП Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Адем Кула, "ТОВВ" Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи қошидаги Туркия иқтисодиёт ва технология университети ректори Гувен Сак ва бошқа масъул шахслар иштирок этди.
Кириш имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш санаси каби шу ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Кириш имтиҳонлари 25 августдан 1 сентябргача режалаштирилган. Имтиҳонлар икки фан бўйича: математика ва инглиз тили фанларидан олинади. Куннинг биринчи ярмида математикадан, иккинчи ярмида эса инглиз тилидан имтиҳонлар бўлади.
Хусусан, тест синовлари абитуриентлар ва кузатувчиларнинг эпидемиологик хавфсизлигини таъминлайдиган жойларда ўтказилиши кераклиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳозирги вазият ва абитуриентлар қулайлигини ҳисобга олинган ҳолда, ҳужжатларни топшириш муддати 2020 йил 20 августгача узайтириш тўғрисида келишувга эришилди.
Талабалар Туркияга саёҳат қилиш учун ажойиб имкониятни қўлга киритадилар. Учинчи триместрда улар Туркиянинг етакчи компаниялари ва таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишадилар, шунингдек, электротехника соҳасидаги йирик корхоналарда, Туркиядаги тўқимачилик ва мева-сабзавот кластерларида амалиёт ўташларини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Амалий машғулотлар давомида барча талабалар озиқ-овқат ва турар жой билан таъминланадилар.
Шунингдек, иқтидорли ва кам таъминланган талабалар учун Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бериладиган бир қатор имтиёз ва афзалликлар - талабалар учун яратилаган жуда катта имтиёзли тизим хисобланади.
Ушбу университет талабалари учун ўзларининг тил билимларини ошириш имконияти яратилган. Дарслар инглиз тилида олиб борилади. Шунингдек, улар қўшимча: турк, француз, немис ва хитой тилларини ўрганадилар.
Ушбу Университет ҳақида батафсил билишни истаганлар, қабул қилиш ва ўқитиш масалалари бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ишонч телефонига мурожаат этишлари мумкин: +99878 150 60 08.
Шунингдек биз билан алоқа қилиш учун телеграм канал: https://t.me/TOBB_ETU_TASHKENT
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси