Коронавирус пандемия даврида Индонезиядаги Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида 20 июль куни мамлакатимизнинг Жакартадаги элчихонаси ташаббуси билан Индонезия миграцион ҳамкорлик департаменти директори Р.Сантосо билан музокара ўтказилди.
Учрашув чоғида томонлар жаҳон миқёсидаги пандемия даврида халқаро авиапарвозлар тўхтатилиши туфайли Индонезия ҳудудида қолишга мажбур бўлган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдилар.
Жумладан, 30 кунлик визасиз режим асосида Индонезияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг визасиз муддатини узайтириш тўғрисида келишувга эришилди. Яъни, виза муддати ўтиб кетган Ўзбекистон фуқароларига кечиккан муддат учун жарима солинмайди.
Ушбу чора мамлакатимиз фуқароларининг Жакартадаги элчихонамизга мурожаати асосида ва Жануби-Шарқий Осиё минтақаси давлатларидан Тошкентга доимий рейслар ёки махсус чартер рейслар йўлга қўйилгунча амал қилади.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни, шунингдек, биргаликдаги интилишларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидладилар.
Р. Элмуродов, ЎзА
Манба: ЎзА