Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг ўсиш нуқталари белгиланди
2020-07-06 | Иқтисодиёт
3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигида ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари таркибидаги ишчи гуруҳ янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли орасида камбағалликни қисқартириш, шунингдек, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш бўйича жойларга чиққан ҳолда ўз ишини бошлади.
Жиззах вилоятида биринчи навбатда минтақавий ривожланиш дастури доирасида лойиҳаларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди: 2020-2021 йилларда 12,4 трлн сўмлик 726 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган, шулардан жорий йилда 4,9 трлн сўмлик 549 та лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларни ишга туширилиши 2021 йил охирига бориб 20,1 минг иш ўринларини яратишга имкон беради. Масъул раҳбарларга мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ва ишга тушириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, вилоятда янги лойиҳаларни шакллантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича қўшимча захираларни аниқлаш топширилди.
Касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар устида иш олиб борилди – асосан тўқимачилик ва паррандачилик соҳаси ва боғдорчиликда жами 28,2 млн долларлик 44 та, жумладан, 24 та кенг кўламли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик ва балиқ овлаш соҳасида қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг минтақа иқтисодий ривожланишининг алоҳида “драйвери” сифатидаги салоҳияти ўрганилди. Гуруҳ фаолияти давомида бир қатор инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш учун ҳозирги вақтда мавжуд бўлган муҳандислик - коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш зарурлиги аниқланди. Шу муносабат билан тегишли бошқармалар раҳбарларига аниқ техник параметрлар ва муддатларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча трансформатор подстанцияларини қуриш, юқори вольтли электр узатиш тармоқлари, автоматик газ тақсимлаш станциялари ва газ қувурларини барпо этиш, сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш топширилди. Ушбу чораларнинг амалга оширилиши нафақат эркин иқтисодий зона иштирокчилари мақомини олган ва ҳозирда фаолият юритаётган корхоналар муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради, балким ЭИЗ ҳудудининг бўш қисмида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имконини яратади.
«Зомин-фарм» эркин иқтисодий зонасининг ишга солинмаган улкан салоҳияти мавжудлиги аниқланди, шу сабабли масъул раҳбарлар томонидан ушбу ЭИЗ ҳудудида ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган юқори сифатли фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган истиқболли ва юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Экспорт кластерлар моделини жорий этиш орқали Жиззах вилоятида боғдорчиликни ривожлантириш вазифаси қўйилди. Вилоятда мева экинлари етиштириш учун фойдаланиладиган жами 11,3 минг гектар, шу жумладан, интенсив боғдорчилик учун ажратилган 3,9 минг гектар ер майдони мавжуд. 2020 йилда ушбу соҳани ривожлантириш учун қўшимча 4,1 минг гектар ер майдони ажратилмоқда ва бу 2021 йил охиригача йиллик мева етиштириш ҳажмини 130 минг тоннага кўпайтиради ҳамда 2019 йилга нисбатан 40 фоизга ўсишини таъминлайди. Натижада вилоятда етиштирилаётган меваларни қайта ишлаш даражаси 2019 йилдаги 10,3% дан 2021 йил охирига қадар 15% гача ошади. Лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини ва ташаббускорларини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тўқимачилик, электротехника ҳамда қурилиш материаллари саноати иқтисодий ўсишнинг алоҳида нуқталари сифатида белгиланди. Мисол учун тўқимачилик саноатида умумий қиймати 257,9 млн долларга тенг бўлган 31 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 8218 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Натижада 2021 йилга келиб маҳаллий калава ипни қайта ишлаш даражаси 60% га етади (ўсиш – 80%), трикотаж мато бўйича ўсиш – 78%, ип газлама бўйича ўсиш – 76%, тайёр тикув трикотаж маҳсулотлари бўйича ўсиш – 2,7 бароварни ташкил этади. Қурилиш материаллари соҳасида 36 янги фойдали қазилмалар конларини (мармар оникси, цемент, табиий декоратив тошлар, гипс ва ангидрит, оҳактош, керамзит, силикат қуми) ишлатишни бошлаш ва цемент, оҳак, гипс, пишиқ ғишт, қум, табиий қопламали тошлар, газли бетон ва темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу йўналиш бўйича умумий қиймати 4,5 трлн сўмлик 66 та инвестиция лойиҳасидан иборат пакет шакллантирилиб, 198,1 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. Жорий йиллнинг ўзида 556 миллиард сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилади ва натижада 2500 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланишнинг ҳозирги ҳолати ўрганиб чиқилди. Бу тизимда ҳосилдорликнинг пасайиши туфайли нафақат балиқ овлашнинг қисқариши, балки қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун Сирдарё дарёсидан чучук сув ажратилишининг кўпайгани аниқланди. Бу, ўз навбатида, ҳудуд ерларининг ортиқча шўрланишига олиб келмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланилиши таҳлил қилинди ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, кўллар тизимини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш, сув ресурсларини тарқатишни электрон тизим орқали оптималлаштириш ҳамда балиқ овлаш саноати учун квоталар жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, балиқчиликни ягона тизимга интеграция қилиш механизмларини жорий этиш, браконьерликка қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ва логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, сафар давомида Самарқанд вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш борасидаги ишларнинг бориши ўрганилди.
16,4 трлн сўмлик 1268 та лойиҳани ўз ичига олган ҳудудий ривожлантириш дастурининг ижроси таҳлил қилинди. 2021 йилнинг биринчи чораги якунигача 10,3 трлн сўмлик 1183 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 2021 йил охирига бориб вилоятда 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.
Тўқимачилик, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати, ипакчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик, асаларичилик ва заргарлик соҳаларида амалга ошириш учун 153 та лойиҳа ишлаб чиқилди, шундан 27 та йирик лойиҳа аҳоли билан ҳамкорликни ривожлантириш ва касаначиликни ташкил этиш орқали уларнинг бандлигини оширишга қаратилган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 104,2 млн долларни ташкил этади.
Минтақадаги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди. Абу-Даби тараққиёт жамғармасидан жалб этилган 90 млн доллар Самарқанд шаҳри ичимлик суви таъминоти тизимини замонавийлаштиришга, Жаҳон банки томонидан ажратилган 66 млн доллар – вилоят ва алоҳида тарзда Каттақўрғон шаҳрида сув таъминоти ва санитария тармоқларини қуриш ва қайта таъмирлашга йўналтирилгани, жами бу йўналишдаги лойиҳаларнинг умумий миқдори 273,5 млн долларни ташкил этгани таъкидланди. Халқаро молия институтларининг 117,5 млн доллар миқдоридаги қўшимча маблағлари 6 та туман марказлари ва шаҳар типидаги посёлкаларда канализация тизимларини қуриш ва замонавийлаштириш учун йўналтирилади.
Умумий миқдори 217 млн долларни ташкил этувчи Самарқанд шаҳри марказий кўчаларини модернизация қилиш шунингдек, вилоятда асосий йўлларни қуриш ва жиҳозлаш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш жадаллашади.
“Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти таҳлил қилинди. Мазкур ЭИЗ ҳудудида гилам тўқиш, тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари, шунингдек, маиший техникани ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. ЭИЗни кенгайтириш учун унга Ургут ва Пахтачи туманларида, шунингдек, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида чегаралари аниқ белгиланган 730 гектар ер майдоналари қўшилади.
Хорижда яшаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар имкониятлари билан амалга ошириладиган катор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу йўналишда умумий қиймати 366,1 млн долларлик 43 лойиҳа режалаштирилди.
Вилоятнинг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда маҳсулотларни етиштириш, йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш, сертификатлаш ва ташиш жараёнларини қамраб оладиган экспорт кластерлари моделини кенг жорий этиш орқали боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишга топшириқ берилди. 2020-2021 йилларда бу лойиҳалар учун 3,1 минг гектар, шу жумладан, илгари пахта ва буғдой етиштириш учун фойдаланган 800 гектар майдон ажратилади. Шу билан бирга, ушбу лойиҳалар натижасида вилоятда йиллик мева ишлаб чиқариш ҳажми 334 минг тоннадан 431,5 минг тоннага (30% ўсиш) ошиши кутилмоқда.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, тадбиркорларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг аниқ ташаббускорлари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳ Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ишини давом эттиради.
Шу билан бирга, сафар давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги жорий йилнинг 1чи ярим йиллиги якунлари бўйича экспорт фаолияти якунлари шунингдек, республика айрим минтақаларининг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилган таклифлар видеоконференция шаклида муҳокама қилинди.
Тадбирда жорий йилнинг 6 ойи давомида маҳаллий корхоналар томонидан 6,1 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилингани маълум қилинди. Шу билан бирга, 950 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди ва 85 та янги маҳсулот турлари хорижга экспорт қилиниши йўлга қўйилди.
Тармоқ идоралари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиб, улар асосида экспорт фаолиятини амалга оширишга халақит бераётган тизимли муаммолар таҳлил қилинди ва экспорт қилувчи корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлигига баҳо берилди. Мисол учун, тўқимачилик корхоналарига ўз вақтида ва манзилли тарзда айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар ажратилиши натижасида тўқимачилик саноатида 828 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Жорий йилнинг иккинчи ярмида республика соҳалари ва минтақаларининг ташқи иқтисодий фаолиятига ташқи омилларнинг эҳтимолли салбий таъсирини камайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг фаолияти алоҳида қайд этилди, уларнинг фидокорона меҳнати туфайли жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 2,7 млрд доллар миқдорида қўшимча экспорт амалга оширилди.
Шунингдек, ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган конструктив таклифлар муҳокама этилди. Масъул раҳбарларга барча мавжуд ресурслардан фойдаланиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товарларини экспортга етказиб беришни ошириш мақсадида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқилган механизмлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда экспорт йўналишлари ва маҳсулот турларини диверсификация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлари, хусусан, Сўх туманининг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришга оид вазифаларининг ижроси алоҳида кўриб чиқилди. 2020-2021 йилларда ушбу ҳудудда жами 216,1 млрд сўмлик 98 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 4920 янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишда ишлар аллақачон бошлангани таъкидланди - тижорат банклари ва инвесторлар маблағлари ҳисобидан ушбу туманда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ажратилмоқда.
Видеоконференция якунларига кўра, вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъул раҳбарларига амалга ошириш муддатлари аниқ белгиланган топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги