Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ИҲТ Бош котиби ўринбосари билан музокаралар тўғрисида
2020-07-02 | Иқтисодиёт
2020 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиков Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Аҳмад Ссенёмо билан видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ИҲТ билан кўп қиррали ҳамкорлиги, жумладан, савдо-иқтисод, инвестиция ва туризм соҳаларидаги алоқалари ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш ва мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатдошлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.
Иқтисодиёт ва савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ИҲТ билан муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди. Ўзбекистон ИҲТ Бош котибияти, Ислом тараққиёт банки, COMSEC, Савдони ривожлантириш бўйича ислом маркази ва ташкилотнинг бошқа тузилмалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор бўлиб, бу мамлакатимизда лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон беради.
Томонлар, шунингдек, COVID-19 пандемияси шароитида ИҲТ иштирокчилари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилдилар ва коронавируснинг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидладилар.
ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистон ҳукумати томонидан иқтисодий фаолликни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мамлакатда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги