2020 йил 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сантош Жа билан видеоконференция шаклида учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, сўнгги йил давомида жадал ривожланди, муҳим келишув ва натижаларга эришилди.
Коронавирус пандемияси шароитида тегишли вазирлик ва идоралар барча замонавий алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳамкорликни давом эттиргани қайд этилди.
Шунингдек, турли даражалардаги бўлажак икки томонлама учрашувларни ўтказиш муддатлари бўйича таклифлар юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат сўнгида Вазир Сантош Жага икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.
Элчи Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолияти доимий равишда қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик изҳор этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги