РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 518 бемордан 12 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда 13 май соат 10:00 га қадар жами 2568 фуқаро коронавирус инфекцияси билан рўйхатга олинган. Улардан 2040 нафари, яъни 80 фоизи тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 518 бемордан 12 нафарининг аҳволи оғир.
Ҳозирда 43 мингдан зиёд фуқаро карантинда бўлиб турибди. Уларнинг 14 мингдан ортиғи стационар шароитда карантин тадбирларини ўтаяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилишимиз шарт. Вазиятни мураккаблаштириб юборадиган бўлсак, бундан кейинги карантин чекловлари янада жиддий бўлиши мумкин.
Манба: ЎзА