Коронавирус пандемиясининг юртимизга кириб келиши ортидан кўплаб соҳаларда иш тўхтаб қолди. Улар орасида “Ўзбекистон темир йўллари”да ҳам йўловчилар ташиш вақтинча тўхтаб қолди.
Жумладан, COVID-19 коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, халқаро ва маҳаллий йўналишларда ҳаракатланадиган барча йўловчи поездлар ҳаракати тўхтатилди.
“Ўзтемирйўлйўловчи” жамияти ахборот хизматидан маълум қилишларича, халқаро йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи поездлар 2020 йилнинг 22 март кунига қадар йўловчиларни олиб кирди. Йўловчи поездларда кириб келган 2257 нафар фуқаро юртимизнинг турли вилоятларида ташкил қилинган карантин зоналарига етказиб қўйилди.
16 мартдан 14 кунлик карантинда бўлган юртдошларимизнинг 11 минг 512 нафари карантин муддати тугагандан кейин 46 та махсус дезинфекцияланган йўловчи поездларида манзилларига етказилди.
Бундан ташқари, карантин пайтида республикамиз ҳудудларида аҳоли турмуш шароитини атрофлича ўрганиш ва юзага келадиган муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар ишчи-ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар учун қўшимча йўловчи поездлар ташкил қилиниб, уларни ташиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ шаҳрига алоҳида йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилди.
Тошкент вилоятида қурилаётган касалхона қурилиши ҳамда “Тошкент метрополитени” қурилишига жалб қилинган темир йўл ишчилари ва қурилиш пудратчи ташкилотлари ишчи ходимларини ташиш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни кунда ҳам карантин ҳудудларида 14 кун мобайнида шифокорлар назоратида бўлиб, карантин муддати тугаган юртдошларимизни яшаш манзилларига етказиб қўйиш учун махсус поездлар қатнови давом этмоқда.
Карантин пайтида хизмат кўрсатишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ишга жалб қилинган ходимларнинг доимий равишда ҳимоя ниқобида бўлишлари, гигиена талабларига амал қилишларига жиддий эътибор берилган ҳамда уларнинг ишга келиб-кетишини таъминлаш мақсадида хизмат машиналари ажратилган.
Маъмурий бинолар, вокзаллар, “Afrosiyob” поездлари ва барча йўловчи вагонлар ҳамда хизмат машиналари мунтазам равишда тегишли тартибда дезинфекция қилинмоқда.
Манба: ЎзА