Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Темур тузуклари” беш тилда нашр этилди

2020-04-02 | Порталдаги ўзгаришлар

Амир Темур таваллудининг 684 йиллигига
 

Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг бизгача етиб келган “Темур тузуклари” асарининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий таржимаси асосида яратилган бўлиб, XVIII асрдан буён дунё олимларининг диққат-эътиборини қозониб келмоқда.

Марказий Осиёда ҳукм сурган хонликлар даврида ҳам бу асарга жуда катта қизиқиш билдирилган. Шу боис, мазкур асарнинг форсча қўлёзмаси бир неча бор кўчирилган. Асли ўзбек тилида битилган бу асарни тақдир тақозоси билан яна шу тилга таржима қилишга эҳтиёж туғилган. Сўнгги икки аср давомида “Темур тузуклари” бир неча бор тилимизга ўгирилган. 1836 йилда Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1822-1841)нинг буйруғига кўра, Хўжанд қозиси Набижон Маҳдум Ҳотиф мазкур асарни қисман таржима қилган. 1856-1857 йилларда Хива хонлигида мазкур асарни Муҳаммад Юсуф Рожий қисқартирилган ҳолда ўзбекчалаштирган. Орадан бир йил ўтиб, Хивада яна бир таржимон Паҳлавон Ниёз Девон – Комил Хоразмий асари асосида, Муҳаммад Ризо Огаҳий тавсиясига кўра, янги асар яратган. Мазкур асарларнинг қўлёзмалари бугунги кунда Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда.

1967 йил таниқли аллома Алихонтўра Соғуний (1885-1976) асарнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган форсий қўлёзмадан ўзбек тилига таржима қилиб, унинг бир қисмини «Гулистон» журналида эълон қилган.

«Темур тузуклари» – подшоларнинг туриш-турмуш ва ахлоқ-одоб нормаларини белгиловчи рисоладир. Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда жаҳон тарихида машҳур фотиҳ, саркарда ва истеъдодли давлат арбоби сифатида ном қолдирган Амир Темурнинг етти ёши (1342)дан то вафотига (1405 йил, 18 февраль) қадар кечган ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, аниқроқ қилиб айтганда, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиш, феодал тарқоқликка барҳам бериш ва марказлашган давлат тузиш, қўшни юрт ва мамлакатларни, масалан, Эрон ҳамда Афғонистонни ўз тасарруфига киритиш, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон (1376-1395), бутун Европага қўрқув ва даҳшат солган Туркия султони Боязид Йилдирим (1389-1402)га қарши ва ниҳоят, буюк жаҳонгирнинг Озарбайжон, Грузия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ихчам тарзда баён этилган.

Иккинчи қисм жаҳонгирнинг номидан айтилган ва унинг тожу тахт ворисларига аталган ўзига хос васият ва панд-насиҳатларидан иборат. Унда давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳийларнинг маоши, мамлакатларни бошқариш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар хусусида сўз юритилади.

“Темур тузуклари”нинг юртимиз тарихидаги ўрни ва илмий аҳамиятини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ушбу тарихий асар ўзбек, рус, инглиз, француз ва форс тилларида бир жилд шаклида жамланиб, нашр этилди.

Ўйлаймизки, ушбу хайрли иш барча ҳамюртларимизни буюк тарихимиз ва аждодларимизнинг беназир илмий мероси билан танишишларига яна бир имкон яратади.
 

Фахриддин МУҲАММАДИЕВ,
Ислом цивилизацияси маркази матбуот котиби

Манба: ЎзА

Поделиться