Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасига борди
2020-03-12 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасидаги “Develop Textile” хорижий корхонаси фаолияти билан танишди.
Иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги фармонига мувофиқ ташкил қилинган. Давлатимиз раҳбари ўша йили октябрда бу ерга келиб, тақдим этилган лойиҳалар бўйича топшириқлар берган эди.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 306 миллион доллардан зиёд бўлган, жумладан, 266 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эвазига, умумий ҳисобда 19 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда сендвич панеллар, ювиш воситалари, автомобиль радиаторлари, қурилиш материаллари, трикотаж маҳсулотлари, тиббиёт қўлқоплари, пойабзаллар ва бошқа товарлар ишлаб чиқарилмоқда. 1100 дан зиёд киши иш билан таъминланган.
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Develop Textile” хорижий корхонаси эркин иқтисодий зона ҳудудидаги истиқболли лойиҳалардан бири. Ушбу компания 13 миллион долларлик лойиҳа асосида жорий йил январда ишга туширилди. Германия, Туркия, Хитойдан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. 760 та иш ўрни яратилди.
Бу ерда йилига 4 минг тонна бўялган тайёр чоксиз трикотаж мато, 14 миллион дона турли хил тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Германия, Франция ва Европанинг бошқа давлатларига йилига ўртача 12 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни ва тикувчилик маҳсулотларини кўздан кечирди. Мутахассис ва тикувчилар билан суҳбатлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти