Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“VEON” компаниялари гуруҳи вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2020-03-06 | Технологиялар
2020 йил 5 март куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг “VEON” компаниялари гуруҳининг бош ижро этувчи директори Каан Терзиўғлу билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда “VEON” компаниялари гуруҳи маслаҳатчиси Борис Тадич ҳам иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси телекоммуникацияси тармоғида қонун ҳужжатларининг қўлланиш ҳолати ва амалиёти, мамлакатнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини эркинлаштириш хусусида фикр алмашилди.
2020 йил Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниши билан Ўзбекистонда эркин тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар яратишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилаётганлиги таъкидланди.
“VEON” компаниялари гуруҳи Ўзбекистонда амалга оширилаётган самарали ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, 2020 йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида рақамли иқтисодиётнинг ва электрон ҳукуматнинг ташкилий-институционал асосларини такомиллаштиришга, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга, Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтиришга, мобил алоқа тармоғини ва бошқа телекоммуникация хизматларини ривожлантириш ҳамда модернизациялашга қаратилган инвестиция лойиҳаларида ўз иштирокини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати