Тошкент давлат юридик университетида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбати шу мавзуга бағишланди.
Адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Р.Ҳакимов, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси халқаро координатори Кун Маркверинг мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Бу борада адвокатларнинг ҳуқуқий мақомини ошириш ва ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, адвокатура институти мустақиллигини таъминлаш масалаларига катта эътибор берилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда. Тошкент давлат юридик университети лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга бу борада хориж тажрибаси муҳим аҳамият касб этади. Ушбу давра суҳбати ҳам хориж амалиётини ўрганиш ва қонун лойиҳасини янада пухта ишлаб чиқиш учун мулоқот майдони бўлди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакили Сайдулло Азимов янги таҳрирдаги Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилаётган ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.
– Янги таҳрирдаги Жиноят-процессуал кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Бош прокуратурада идоралараро комиссия ҳамда манфаатдор идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Лойиҳани тайёрлаш жараёни ҳозир ҳам давом этмоқда. Кодекс лойиҳаси мантиқий кетма-кетликда тизимлаштирилган. Авваллари бу тўлиқ тизимлаштирилмаган ва кўп муаммолар келиб чиққан. Иккинчи жиҳати, умумий содда тилда баён қилинишидир. Яъни бу кодексни ўқийдиган нафақат ҳуқуқшунос, балки оддий фуқаро ҳам тушуниши лозим. Иккита янги институт киритилди. Бунга сабаб эса амалиётдаги мавжуд муаммолар, бўшлиқлар ёки қонунни талқин қилишдаги камчиликлардир. Кодексни қўллаш қулай бўлиши учун рақамлаштириш жорий этилган, – деди С.Азимов.
Амалдаги Жиноят-процессуал кодекси 14 бўлим, 65 боб ва 609 моддадан иборат бўлса, янги таҳрирдаги кодекс лойиҳаси 17 бўлим, 91 боб ҳамда 832 моддани ўз ичига олган. Янги таҳрирдаги кодексда дастлабки эшитув институти ҳамда жиноят натижасида зарар кўрган шахсларга ушбу жиноят оқибатида етказилган зарарни бартараф этиш механизми назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, суд назорати институти, гувоҳ, чақирилувчиларни ҳимоя қилиш институти, процессуал келишувлар институти, кўрсатувларни тасдиқлаш институти жорий этилади. Тезкор қидирув фаолияти натижасида олинадиган маълумотларнинг шаклига процессуал статусни бериш ва ушбу далилларни тергов ёки суд муҳокамасида қўллаш тартиби белгиланмоқда.
Янги таҳрирдаги кодексда адвокатларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш назарда тутилган. Судлар томонидан бошқа давлатлар қарорларини тан олиш ва ушбу қарорларни ижро қилишга оид нормалар такомиллаштирилади.
Иштирокчилар айбланувчини (гумон қилинувчи, судланувчи) ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш, жабрланувчи, гувоҳ ва бошқа шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан таъминлашнинг ўзига хос хусусиятлари, давлат томонидан ҳимоячини тайинлаш масалалари, жиноят процессида тарафларнинг тенглигини таъминлаш, адвокатлар мустақиллиги ва ҳимояланиш ҳуқуқи масалаларини муҳокама қилди.
Жиноят процессида адвокатлар роли билан боғлиқ энг илғор амалиётлар ҳақида маълумот берилди. Ҳимоя томонидан далиллар тўплаш, илтимоснома киритиш ва судга далилларни тақдим этишнинг бошқа йўллари ҳақида фикр алмашилди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА
Манба: ЎзА