Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Паррандаларни етиштиришда инновацион технологиялар
2020-03-04 | Инновация
Жорий йилнинг 3 март куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Венгриянинг “Agrofeed” компанияси билан ҳамкорликда “Паррандаларни етиштириш учун инновацион технологиялар“ мавзусидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинардан кўзланган мақсад олимлар, мутахассислар ва тадбиркорлар эътиборига мазкур компания томонидан ишлаб чиқилган ҳамда фойдаланилаётган инновацион технологияларни ҳавола этишдан иборат.
Жорий йилда манфаатдор томонлар иштирокида 10 га яқин шундай илмий-амалий семинарлар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Асосий маърузачилар “Agrofeed” компанияси мутахассислари — Aлександр Янчевский ва Тамас Топерзер бройлер товуқларни озиқлантириш ҳақида маърузалар билан қатнашди. Таъкидлаш жоизки, ҳозирда юртимизда омухта озуқа ишлаб чиқаришни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Ўз навбатида бу маҳсулотни парранда етиштирилаётган ҳудуднинг табиий шароити ва паррандаларнинг яшаш шароитларга боғлиқ ҳолда ўзгартириш талаб этилади.
Эришилган натижалар билан бир қаторда паррандачилик билан шуғулланувчи барча мамлакатларга хос бўлган бир қатор муаммолар хал этилиши лозим. Бунга замонавий технологияларни жорий этиш, мавжуд ишлаб чиқариш объектларини янгидан қуриш ва модернизация қилиш ҳамда тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш географиясини кенгайтириш киради.
Хусусан, ҳозирда паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси паст бўлиб қолмоқда: бу соҳа асосан товуқлар билан чегараланган бўлиб, бошқа турлардаги паррандалар (курка, ғоз, ўрдак, туяқуш ва бошқаларни) етиштиришни рағбатлантиришга эътибор берилмаяпти. Бундан ташқари, қушлар орасида парранда касалликларини эрта аниқлаш учун замонавий биологик лабораториялар йўқлиги туфайли турли касалликлар кенг тарқалгани ҳам эътиборга молик.
Аниқланган камчилик ва муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистонда паррандачиликни ривожлантириш ҳамда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар турларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ҳам ҳисобга олинмоқда.
Семинарда олимлар, мутахассислар, тадбиркорлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда Венгриянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари қатнашдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги