Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
2020-03-02 | Сиёсат
2020 йил 28 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлисда Сенат аъзолари томонидан ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ соҳаларида ислоҳотларни изчил давом эттириш, маҳалла ва оила институтини мустаҳкамлаш, бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатлари ва муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ялпи мажлис иши Олий Мажлис Сенатининг веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Сенат аъзолари янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилишдан бошлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 24 январь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида муҳим қадам қўйиш ва мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келган, бироқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси мақомини олмаган юртдошларимиз муаммосини қонунга мувофиқ ҳал этиш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўриш зарурлигини қайд этди. 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда бериш таклиф этилди. Бу 50 мингга яқин юртдошларимизнинг ҳаётидаги энг жиддий муаммо ҳисобланади.
Қонуннинг амалдаги таҳрири 28 йил аввал қабул қилинганлиги ва унинг деярли барча нормалари эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйганлиги таъкидланди. Қонунда фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Қонун билан мустаҳкамланаётган янги нормалар ҳақида сўз борганда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгилаб қўйилганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, туғилган жойи ёки ота-онасининг фуқаролиги бўйича болаларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини белгилаш тартиби мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари назарда тутилган.
Сўзга чиққанлар қонун қабул қилиниши билан соҳага доир қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бир хилда бўлиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилиниши таъминланишига хизмат қилишини таъкидлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра парламентнинг юқори палатаси аъзолари “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Қонун Давлат статистикаси қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.
Сўзга чиққанлар қонуннинг мақсади аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигини қайд этди. Аҳолини рўйхатга олиш – бу Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси тўғрисида ишончли ва холис ахборот йиғиш. Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: даврийлик; умумийлик ва бир пайтдалик; рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги (номма-номлиги); шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги; аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлиги.
Қонунда аҳолини рўйхатга олишнинг қуйидаги асосий вазифалари белгиланмоқда: оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш; аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш; аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш; ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.
Аҳолини рўйхатга олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, уларнинг бу соҳадаги ваколатлари очиб берилади.
Шу билан бирга, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳолини рўйхатга олишдаги иштироки назарда тутилмоқда, шунингдек, респондентлар ва рўйхатга олувчи ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари очиб берилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, қонун қабул қилиниши халқаро стандартларга жавоб берадиган, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тизимли ва комплекс тартибга соладиган мослашувчан ва очиқ-ошкора ҳуқуқий доираларни яратишни давом эттиришга ҳамда бир қатор долзарб вазифаларни бажаришга кўмаклашади. Жумладан, аҳоли таркибида юз берган глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар ҳолатини яхшилаш, шунингдек, Барқарор тараққиёт миллий мақсадларини шакллантириш ва мониторинг қилиш каби вазифаларни бажариш таъминланади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун қонун ҳужжатларини метрология соҳасидаги халқаро ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш ва қонун нормаларини ҳукуматлараро “Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида келишилган сиёсатни амалга ошириш тўғрисидаги келишув” иштирокчи давлатлари миллий қонун ҳужжатлари ва ўлчашлар бирлилигини таъминлаш соҳасидаги асос бўлувчи давлатлараро ҳужжатларнинг қоидаларига уйғунлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилди.
“Метрология тўғрисида”ги амалдаги қонуннинг кейинги моддалари бир хилда талқин қилинишини таъминлаш учун асосий тушунчалар “давлат метрология хизмати”, “метрологик кузатувчанлик”, “ўлчашлар аниқлигининг кўрсаткичи” каби терминлар билан тўлдирилмоқда. Бундай терминлар киритилиши билан “ўлчаш воситаларини қиёслаш” ва “метрология хизмати” терминларининг таърифи ўзгартирилмоқда.
Бундан ташқари, ўлчаш бирлигини таъминлаш соҳасида фаолият олиб бораётган субъектлар, хусусан, давлат метрология хизмати, давлат бошқаруви органларининг метрология хизматлари ва юридик шахслар метрология хизматлари томонидан метрология назоратини ўтказиш ҳуқуқлари белгиланмоқда. Шунингдек, алоҳида моддаларда метрология хизматларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.
Қонунда ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга оид норматив ҳужжатлар турларининг қуйидаги рўйхати белгиланмоқда: ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиёти; ўлчаш воситаларини калибрлаш услубиёти; ўлчашларнинг бажариш услубиёти; синов воситаларини аттестация қилиш услубиёти.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонун қабул қилиниши ўлчашнинг ишончсиз натижалари вужудга келишининг ва амалда қўлланилишининг олдини олиш орқали фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ўлчаш бирлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий нормаларни амалга ошириш самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, иқтисодиётимизнинг глобаллашуви тез суръатлар билан ривожланаётган, хўжаликлараро, давлатлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда минтақавий ва халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган бир шароитда ҳам миллий, ҳам халқаро даражада бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.
Шуларни инобатга олиб, мазкур қонун зарурати бир қатор омиллар билан асосланади. Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, улар фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, хорижий инвесторлар, шунингдек, миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш каби омиллар шулар жумласидан.
Бироқ сенаторлар таъкидлаганидек, қонунда қатор концептуал камчиликлар мавжуд. Масалан, қонуннинг 3-моддасида унинг қўлланилиш соҳаси белгиланган бўлса-да, халқаро тижорат арбитражи тушунчаси ва тамойиллари очиб берилмаган.
Шунингдек, 6-моддада қонуннинг қўлланилиш соҳасини батафсил изоҳлаш ўрнига ҳал қилиш учун халқаро тижорат арбитражига топширилиши мумкин бўлган низолар санаб ўтилган. Сенаторларнинг фикрича, ушбу нормада халқаро тижорат арбитражи кўриб чиқиши мумкин бўлган низо предмети тўлиқ ёритилмаган. Бу ва бошқа камчиликлар туфайли қонунни жиддий такомилига етказиш зарурлиги таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
Сўнгра Олий Мажлис Сенати аъзолари “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқди.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралда қабул қилинган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.
Қонун билан 22 март “Маҳалла тизими ходимлари куни” этиб белгиланмоқда. Сўзга чиққанлар қайд этганидек, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда маҳалла институтининг роли катта. Юртимизнинг бой тарихи билан чамбарчас боғлиқ бу ўзига хос институтнинг мавқеини янада оширишда маҳалла тизими ходимлари фаолияти жамиятда муҳим аҳамиятга эга. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра юқори палата аъзолари “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, қонун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, Оила кодексига киритилаётган қўшимчаларда оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда.
Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъий назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак. Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Шунингдек, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек, бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли. Бундай мурожаатларни бола тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун янги модда билан тўлдирилмоқда. Унга мувофиқ, вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига ушбу қонунда белгиланган тартибда мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли.
Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Бунга кўра вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек, муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Сенаторлар мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга кўмаклашишини таъкидладилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунлари, Солиқ кодекси, шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ижрочилиги тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунидаги нормалар ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг ваколати ҳисобланиши, шунингдек, Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатлари мажлисларида ишларни кўриб чиқиш учун судлов таркибларини шакллантириш судлов ҳайъатлари раисларининг ваколати ҳисобланиши ҳақидаги нормаларнинг мавжудлиги судларда ишларни электрон тизимдан фойдаланган ҳолда инсон аралашувисиз, автоматик равишда тақсимлаш тартибини амалиётга тўлиқ жорий этиш имкониятини яратиб беради.
“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, натижада хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низоларни тезкор ҳал қилишга эришилади. Шунингдек, 2020 йил 1 февралдан бошлаб юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилиши белгиланган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 150-моддасига даъвогар томонидан даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарга ва учинчи шахсларга электрон тарзда юбориш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Бунда даъвогар-солиқ тўловчи даъво аризаси ва илова ҳужжатларини судга тақдим этишдан олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали бошқа солиқ тўловчи-жавобгар ва учинчи шахсларга юбориш ҳамда ҳужжатлар юборилганлиги ҳақидаги тасдиқловчи маълумотни кейинчалик судга тақдим этиш учун ахборот тизими орқали юклаб олиш имкониятига эга бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра парламент аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, қонун мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамиятда барқарорликни таъминлаш ва ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банки, Бош прокуратураси, Ҳисоб палатаси, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикасининг 4 та қонуни, 2 та кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги 222–II-сонли қарорининг 1-иловасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, киритилаётган қўшимчаларда Ҳисоб палатаси бюджет ва смета-штат интизомини бузганликда айбдор шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Ҳисоб палатаси ваколатларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва уни маъмурий судга юбориш назарда тутилмоқда.
“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари сиёсий партияларга аъзолигини чеклашни назарда тутадиган қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.
Кўрсатиладиган микромолиялаш хизматларини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиялаш хизматларига бўлган ошиб бораётган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, тўлаш қобилиятини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш мақсадида “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига муайян суммадан ошмайдиган миқдорда микромолиялаш хизматлари суммасини белгилашни, жумладан, қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 300 миллион сўмдан ошмайдиган суммада микрокредит беришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида назарда тутилган Ҳисоб палатаси вазифалари, функциялари ва ваколатларини амалга ошириш мақсадида Бюджет кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни норма билан тўлдирилмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиш, унинг кўриб чиқиши учун масалалар киритиш ва кўрилаётган масала юзасидан фикр билдириш бўйича Ҳисоб палатаси раисининг ваколатларини амалга ошириш белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Парламент аъзолари томонидан “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган ва халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич бирхиллаштиришга кўмаклашишга қаратилган.
Конференциянинг битта ва ундан ортиқ сессиясида иштирок этган ва унинг Уставини қабул қилган давлатлар Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси аъзолари ҳисобланиши таъкидланди. Ўзбекистоннинг Гаага конференциясига аъзо бўлиши халқаро оилавий ва хусусий ҳуқуқ нормаларини бирхиллаштириш тартиб-таомилида мамлакат иштирокини таъминлаш, жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқ тизимини янада ривожлантириш, давлат фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатларини хорижда ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, мамлакатимиз Гаага конференцияси Кенгашига кириш орқали унинг иш дастурини белгилашда иштирок этиши, Гаага конференцияси томонидан кўриб чиқилаётган янги конвенциялар юзасидан музокараларда қатнашиши ва халқаро майдонда ўз манфаатларини тарғиб қилиши мумкин.
Қонун мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашишини янада чуқурлаштиришга кўмаклашиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини тасдиқлаш масаласини кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 8-моддасига мувофиқ, вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларини тасдиқлаш парламент юқори палатасининг ваколатларига киради.
Мазкур Фармонда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида вазирликнинг бўлинмаларини ташкил этиш назарда тутилаётганлиги сабабли Фармон парламент аъзолари томонидан кўриб чиқилди.
Бу ҳужжат ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилганлиги ҳамда маҳалла ва оила институтини мустаҳкамлашга кўмаклашиши таъкидланди. Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин Сенат аъзолари Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Тегишли хизматларни янада такомиллаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида ягона сиёсатни шакллантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилган.
Бироқ олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизми йўлга қўйилмаган. Фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари тизимли йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар сони сўнгги уч йилда 9 фоизга ошган.
Ногиронлик профилактикаси, бундай шахсларни тиббий-ижтимоий ва малакавий реабилитация қилиш бўйича яқин, ўрта ёки узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги бундай шахсларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини яратишга тўсқинлик қилмоқда.
Шу муносабат билан ушбу парламент сўровини йўллаш зарурати пайдо бўлди. Мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2019 йил якуни бўйича ахборотини эшитди.
Таъкидланганидек, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича муайян иш олиб борилди. Ўтган йилда қабул қилинган чоралар натижасида жиноятларнинг 3139 тага ёки 10,5 фоизга камайишига эришилган. Республикада маҳаллаларнинг 33,7 фоизида ёки 3074 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Вояга етмаганлар (830/656) ва хотин-қизлар (3378/2705) ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари камайган.
Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган самарали тадбирлар натижасида гиёҳвандлик, коррупция ва иқтисодий йўналишларга оид қарийб 4,5 мингта жиноят аниқланган.
Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.
Аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишдаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган, оилалардаги жанжаллар кўп ҳолларда маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторларининг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилиши кенг тус олган.
Бундан ташқари, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлишига қарамасдан, ИИВнинг бу борадаги ишларни тартибга солувчи буйруғи 2020 йил 3 февраль куни қабул қилинган. Шу туфайли тазйиққа учраган хотин-қизларнинг фақатгина 3 нафарига ҳимоя ордери берилган. 142 та қотилликнинг 70 таси (49,2%) эр-хотинлар ўртасида келиб чиққан низолар сабабли содир этилган.
Мазкур жиноятларнинг аксариятини ўз вақтида олдини олиш чоралари мавжуд бўлса-да, бунга жойлардаги профилактика инспекторлари, тегишли ҳокимлар, сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан етарли эътибор қаратилмаган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 5032 нафар аёл жиноят содир этган ва бу жиноятларни содир этиш ҳолатлари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида юқорилигича қолган.
Одам савдоси жиноятларининг сони 2012-2019 йиллар давомида олти баробарга камайишига (574/94) эришилган бўлса-да, ушбу даврда болалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланмоқда. Ўтган йили республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (11787 та) ёшлар томонидан содир этилган.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан Ички ишлар вазирлиги фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан кунлик ахборот алмашинувини қатъий назоратга олиш, шунингдек, жиноят содир этишга олиб келадиган сабабларни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Республиканинг қатор ҳудудларидаги ижобий тажрибаларни, жумладан, жиноятчиликни жиловлаш бўйича Андижоннинг “Намунали ҳудуд” концепциясини, хотин-қизлар билан ишлашнинг Бухоро тажрибасини, ёшлар билан ишлашнинг Фарғона тажрибасини бошқа ҳудудларга татбиқ этиш зарурлигига урғу берилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳам эшитди.
Таъкидланганидек, ташқи сиёсий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича вазирлик томонидан муайян иш олиб борилган. Вазирликнинг бевосита ва фаол иштирокида 2019 йилда давлатимиз раҳбари ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар раҳбарларининг 20 та ташрифи ташкил этилди. Олий даражадаги ташрифлар ва тадбирлар якунлари бўйича Ўзбекистон Ҳукумати томонидан хорижий мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 138 та “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қатор юқори даражадаги тадбирлар, хусусан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи Маслаҳатлашув учрашуви ўтказилди. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари иштирокида сармоявий бизнес-форумлар ўтказилди, потенциал хорижий инвесторларнинг кўплаб ташрифлари амалга оширилди.
Мамлакатимизнинг ташқи сиёсий фаолияти қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича икки томонлама олий ва юқори даражадаги тадбирлар доирасида 122 та икки томонлама халқаро шартнома имзоланди, 28 та кўп томонлама халқаро хужжат ратификация қилинди.
Шу билан бирга, вазирлик фаолиятида бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар мавжуд. Жумладан, вазирлик ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг ахборот-таҳлил фаолияти натижадорлиги ўта суст бўлиб қолмоқда. Ишончли маълумот манбаларининг камлиги, асосан оммабоп маълумотларга таянган ахборотномаларнинг тайёрланиши ҳар томонлама чуқур ишлаб чиқилган долзарб ташқи сиёсий ташаббус ва таклифларнинг тақчиллигига олиб келмоқда.
Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан иқтисодий дипломатия самарадорлигининг ўта пастлиги қайд этилди. Вазирлик ҳисоботига кўра республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 1200 дан ортиқ бизнес-форумлар ўтказилди, 3700 дан ортиқ ўзаро ташрифлар амалга оширилди. Аммо уларнинг амалий натижаси деярли йўқ, айрим ҳолларда тадбирлар номига ва самарасиз ўтказилмоқда.
Хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳар томонлама пухта ўйланган аниқ мақсадли режалар ишлаб чиқилишига ҳанузгача юзаки қаралмоқда. Хорижий мамлакат компанияларининг таклифларига тегишли ташкилотларнинг жавоб бермаслиги, қайта алоқанинг йўқлиги натижасида лойиҳаларни кўриб чиқиш муддати чўзилиб кетмоқда. Идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш масаласи ҳанузгача тўлиқ ҳал этилмаган. Аёл кадрларни юқори дипломатик лавозимларга тайёрлаш ишлари тизимли йўлга кўйилмаган.
Шу муносабат билан сенаторлар томонидан вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга доир қатор тавсиялар билдирилди. Жумладан, Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот-таҳлил фаолияти ҳамда вазирлик томонидан ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг уларга бириктирилган республика ҳудудларининг ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини ошириш учун шахсий жавобгарлиги кўрсатилди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар ота-оналар қаровисиз қолган, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, ушбу парламент сўровига берилган жавоб кўриб чиқилгач, Сенатнинг тегишли қўмитаси томонидан бу йўналишда муайян иш олиб борилганлиги қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича “Йўл харитаси”да 2019-2023 йилларда бажарилиши зарур бўлган вазифалар белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага қабул қилаётган номзодларни (фуқароларни) танлашга ва тутинган ота-оналарни тайёрлашга қаратилган тегишли низомлар тасдиқланган. Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларининг 43 нафар раҳбар ходими ҳамда 413 нафар педагог ходими аттестациядан ўтказилган.
Шу билан бирга, бу йўналишдаги қатор камчиликлар ҳам қайд этилди. Жумладан, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқий ёрдам олиш ва суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқлари етарли даражада таъминланмаган. Етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни Меҳрибонлик уйларига жойлаштириш фақат туман (шаҳар) ҳокимлари ихтиёрида қолиб кетаётганлиги уларнинг келгуси тақдирини белгилашда субъектив ёндашув ҳал қилувчи омил бўлиб қолишига олиб келмоқда. Бу эса кўп ҳолларда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни патрионат ёки оилалар қарамоғига бериш ишлари самарали йўлга қўйилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу ва бошқа муаммоларни муҳокама қилиб, сенаторлар бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирди. Энг аввало, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, яъни “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бунда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни оилавий ҳамда болалар муассасаларига жойлаштириш тартиби ва шаклларини аниқ белгилаш муҳимдир.
Бундан ташқари, шундай болаларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат оилавий муассасаларга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенаторлар давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш ҳолати юзасидан парламент сўрови натижаларини кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 6 февраль куни тақдим этилган сўровга берилган жавобга мувофиқ, парламент сўровида кўтарилган масалалар масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда батафсил кўриб чиқилганлиги таъкидланди.
Парламент сўровида кўтарилган масалалар ижросини тўлақонли таъминлаш, мазкур хизматда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Мажбурий ижро бюроси ва бошқа давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилди.
Бироқ амалга оширилган ишлар билан бирга, парламент сўровида кўтарилган баъзи масалаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаганлиги оқибатида соҳада айрим тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, чегара божхона постлари яқинида автотранспорт воситалари билан боғлиқ тирбандликларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш механизми ишлаб чиқилмаган.
Мажлисда бу ва бошқа камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар билдирилди. Жумладан, 2020 йилнинг 15 апрелига қадар чегара божхона постлари яқинида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Уч ой муддатда мамлакатимиздаги чегара божхона постларида кеча-ю кундуз валюта айирбошлаш, пул маблағларини нақд пулга алмаштириш, нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш терминалларини ўрнатиш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосарини – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибига ўзгартишлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқди. Бу масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида 18 та масала, шу жумладан, 9 та қонун кўриб чиқилди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари жамият ҳаётининг барча соҳаларида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ва ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Манба: ЎзА