Пойтахтимизда мамлакатимизнинг БМТ аъзолигига қабул қилинганига 28 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари” мавзусидаги ушбу давра суҳбатида Парламент қуйи палатаси депутатлари, БМТ доимий ваколатхонаси ва махсус тузилмалари раҳбарлари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, тадқиқотчи олимлар, талабалар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги 1992 йил 2 мартда тамал тоши қўйилган ҳамкорликнинг муҳим босқичлари ва устувор йўналишлари муҳокама этилди.
Маълумки, БМТ фаолияти ер юзида кечаётган ҳар қандай глобал сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий низоларни бартараф этишга кўмаклашиш, табиий офатларнинг олдини олиш ва камбағалликка қарши курашиш каби долзарб масалаларга йўналтирилган. Мазкур тузилма аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдиган ягона ва обрўли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Давра суҳбати давомида дунё миқёсида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, халқаро иқтисодий, маданий, ижтимоий-гуманитар муносабатларни кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари эканлиги эътироф этилди.
Кейинги йилларда мамлакатимиз БМТ сафидаги энг фаол давлатлардан бирига айлангани қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёвнинг БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясида янграган ташаббуслари ҳам минтақавий ҳам глобал миқёсда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
2019 йилда БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” номли стратегияси эълон қилинди ва Ўзбекистон ҳам инсониятнинг 2030 йилгача ривожланишини назарда тутувчи 17 глобал мақсадларга эришишга қаратилган улкан жараёнга фаол қўшилди.
Қайд этиш жоиз, республикамизда Давлат дастурларига мувофиқ қабул қилинаётган ва ҳаётга татбиқ этилаётган, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган қонунлар БМТнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлини танлаган Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини ўрнатиш бўйича фаолият доирасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган. Жумладан, ҳукумат идораларининг республикада барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган фаолиятлари тўғрисидаги мунтазам ҳисоботини тинглаш режалаштирилган.
Давра суҳбати якунида муҳокама қилинган масалалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: ЎзА