Волонтёр – ким? Волонтёрлик фаолияти билан кимлар шуғулланиши мумкин? Волонтёрлик фаолияти бўйича халқаро ва миллий тажриба қандай?
Шу ва бошқа саволларга “Тараққиёт стратегияси” марказида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган “Волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзусидаги давра суҳбатида батафсил маълумот берилди.
Унда вазирлик, ташкилотлар вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидланишича, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади. Бу фаолиятнинг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман, жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.
Волонтёрлик асли французча volontaire сўзидан олинган бўлиб, “кўнгилли”, “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи” маъноларини англатади. Волонтёрлик ҳаракати дунёда кенг тарқалган.
Умумжаҳон волонтёрлар декларацияси 1990 йилда XI Халқаро волонтёрлар ассосиациясининг Конгрессида қабул қилинган.
Тадбирда 2019 йил декабрь ойида Президентимиз томонидан тасдиқланган “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси доирасида ишлаб чиқилаётган “2020-2021 йилларга мўлжалланган волонтёрлик фаолияти соҳасидаги Давлат мақсадли дастури” лойиҳаси муҳокама қилинди.
“Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида ўзининг муносиб ўрнини топган волонтёрлик фаолиятини қонуний асосда ўзимизда жорий этиш зарурлиги қайд этилган.
– Мазкур лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган, – деди Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази директори Рустам Комилов. – Ишчи гуруҳга ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга кўнгиллиларни жалб қилиш тажрибасидан келиб чиқиб, “2020-2021 йилларга мўлжалланган волонтёрлик фаолияти соҳасидаги Давлат мақсадли дастури” лойиҳасига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам киритилди.
Таъкидланишича, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш, уларни рағбатлантириш, волонтёрлик меҳнатидан фойдаланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги шериклик тизимини такомиллаштириш каби асосли таклифларни берган.
Лойиҳа 24 банддан иборат. Унинг 6-бандига кўра, жорий йилнинг сентябрь ойида Волонтёрлик ассоциациясини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, волонтёрлар II республика форумини ўтказиш, Умумжаҳон волонтёрлар декларациясини ўзбек тилига таржима қилиш кутилмоқда.
Муҳокамалар давомида тадбир иштирокчилари томонидан “2020-2021 йилларга мўлжалланган волонтёрлик фаолияти соҳасидаги Давлат мақсадли дастури” лойиҳасига ННТ вакиллари томонидан тавсия этилган таклифлар атрофлича кўриб чиқилди ва тасдиқланди. Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг барча ҳудудларида волонтёрлик фаолиятни ривожлантириш учун асос бўлади.
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА