Урганч шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форумида Тошкент вилояти делегацияси қозоғистонлик ҳамкорлар билан 22 миллион долларлик келишувга эришди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, форумда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов раҳбарлигидаги вилоят делегацияси Қозоғистон Республикасининг қатор вилоятлари ва бизнес доиралари вакиллари билан қатор муҳим келишувларга эришган.
Жумладан, вилоят ҳокими Р.Холматов Туркистон, Чимкент, Кустанай вилоятлари ҳокимлари У.Шукеев, М.Айтенов, А.Мухамбетов, Туркистон шаҳри ҳокими Р.Аюпов билан ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш тўғрисида битим имзолади.
Форум доирасида шунингдек, вилоят ҳокимлиги ва Қозоғистоннинг “Ecoton Sharq” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 10 миллион долларлик, “Аzia Kraft” корхонаси билан 2 миллион долларлик инвестицион келишувлар, Қозоғистоннинг бошқа қатор бизнес доиралари билан эса жами 10 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.
Авазбек Худойқулов, ЎзА
Манба: ЎзА