Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вена шаҳрида Ўзбекистон Ҳукумати ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси ўртасида битим имзоланди
2020-02-26 | Иқтисодиёт
2020 йилнинг 25 февраль куни Вена шаҳрида ОПЕКнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси (ОФИД) томонидан Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг 22 та аҳоли пунктида ва Наманган шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш учун 54 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ҳужжатни Элчи Шерзод Асадов ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси номидан унинг бош директори Абдулҳамид Алҳалифа имзолади.
Ушбу лойиҳа доирасида халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган сув таъминоти инфратузилмаси яратилади, бунинг натижасида Наманган вилоятининг 200 мингга яқин аҳолиси тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Имзолаш маросимидан сўнг ОФИД Бош директори Жамғарма ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланаётганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга умид билдирилди.
1975 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган ОПЕК Жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга ижтимоий ва иқтисодий ёрдам кўрсатадиган молиявий ривожланиш бўйича ҳукуматлараро институтдир.
1999 йилдан бери ушбу тузилма Ўзбекистонда давлат секторида умумий қиймати қарийб 80 миллион долларга тенг бўлган 7 та лойиҳани амалга оширди, шундан 47,2 миллион доллари ичимлик суви ва санитария соҳасидаги лойиҳаларни имтиёзли кредитлаш учун, 12,73 миллион доллари қишлоқ хўжалигига, 5 миллион доллардан транспорт ва таълимни ривожлантиришга ажратилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги