Тошкентда Ўзбекистон – Беларусь аграр форуми ҳамда икки мамлакат корхоналари маҳсулотлари кўргазмаси очилди.
Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган форумда Беларусь Республикасининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги мутасаддилари, соҳада фаолият юритаётган 70 га яқин фирма ва компания, илмий муассасалар, машинасозлик, қайта ишлаш корхоналари вакилларидан иборат катта делегация иштирок этмоқда.
Тадбир Беларусь Республикаси ҳукумати ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Беларусь Республикасидаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур тадбир беларуслик тадбиркорларнинг сўнгги пайтларда Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Владимир Дворник икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабатлари асносида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Президентимиз парламентга йўллаган Мурожаатномасида қишлоқ хўжалиги мамлакатимизни жадал ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим соҳа бўлиб, мазкур тармоқни жадал тараққий эттиришга стратегик асосда ёндашиш ғоят долзарб эканини таъкидлаган эди.
Ҳозирги пайтда қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётида жадал ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Соҳага илғор технологиялар, инновацион ишланмалар, рақамли технологиялар жорий қилиш устида ҳам жадал иш олиб борилмоқда. Бу борада Беларусь Республикасида эришилаётган тажрибани ўрганиш биз учун фойдали. Мазкур мамлакатда қишлоқ хўжалигида, жумладан, ерга ишлов бериш, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чорвачилик, сабзавотчилик, қайта ишлаш соҳаларига, қандолатчилик саноатига бешинчи авлод алоқа технологиялари жорий этилмоқда.
Ўзбекистон ҳам қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришда Марказий Осиёда энг илғор мамлакат. Қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, сут ва гўшт маҳсулотлари турини янада кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга. Бу эса икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро манфаатларига бирдек жавоб берадиган ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон ва Берарусь ҳукуматларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли 2019 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми аввалги йилга қараганда 52 фоиз ўсди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь сармояси иштирокидаги 71 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 16 таси 100 фоиз Беларусь капитали асосида ташкил этилган. Бироқ мамлакатларимизнинг ўзаро иқтисодий алоқаларини янада кенгайтириш, савдо ва саноат кооперацияни чуқурлаштириш бўйича фойдаланилмаётган имкониятлар ҳали кўп.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Беларусь Республикасига ташрифи доирасида Минск шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмасида икки мамлакат ўртасида 220 миллион АҚШ доллари қийматидаги 139 та экспорт шартномаси, 70 миллион долларлик 25 та келишув имзоланган эди.
Қолаверса, Беларусь компаниялари иштирокида қиймати 90 миллион доллардан ортиқ 30 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар айни пайтда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ҳаётга жорий қилинмоқда.
Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар секцияларга бўлиниб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини, режалаштирилаётган қўшма лойиҳаларни муҳокама этди. Шунингдек, Беларусь агросаноат ва машинасозлик корхоналарининг маҳсулотлари билан танишди.
Тадбир доирасида Беларусь Республикасининг аграр соҳадаги экспорт имкониятлари, агросаноат мажмуасини ривожлантиришни илмий таъминлашнинг долзарб жиҳатлари, Беларусь – Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, агросаноат соҳасининг турли йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари каби томонларни қизиқтирадиган яна кўплаб мавзуларда маърузалар ўқилади.
Саидмурод РАҲИМОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА