Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кам қаватли ғиштли бинонинг тебранишлар даражасини аниқлаш дастури
2020-02-24 | Фан
Ҳар бир бино ва иншоот ўзининг хусусий тебраниш частоталарига ва тебраниш шаклларига эга. Зилзилабардошликни баҳолашда ҳар бир шакл учун ўзига хос ва мос динамик коеффициент ҳамда уларга таъсир этувчи сейсмик куч аниқланади. Сейсмик кучларни аниқлашда жуда муҳим ҳисобланган бино ва иншоотнинг хусусий тебраниш частоталари, унинг тебраниш шакллари ҳамда тебраниш декрементлари сингари қатор зарурий миқдорларини имкон даражасида инобатга олади.
Дастур сейсмик куч таъсирида ҳосил бўлган тўлқиннинг бинода тарқалиши, бино консрукцияларининг ихтиёрий нуқтасидаги тебранишлар даражасини аниқлаш учун мўлжалланган. Масала эластиклик назариясининг бир жинсли бўлмаган муҳитда тўлқин тарқалиши масаласига келтирилиб, чекли элементлар усулини қўллаган ҳолда ечилган, чунки бундай масалаларни аналитик усулда ечишнинг имкони йўқ.
Бино ва иншоотларнинг исталган нуқтасида вақтга боғлиқ ҳолда зўриқиш, кучланиш ва кўчишларни, шунингдек, уларнинг максимал қийматларини аниқлаш масаласи иншоотлар динамикаси ёки зилзилабардошлигининг асосий масаласи ҳисобланади.
Дастурнинг функсионал хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
• сейсмик тўлқинларнинг тарқалиш даражасини бинонинг конструктив элементларида ва турли таркибли грунтларнинг ер устки сатҳида ҳамда чуқур жойлашган нуқталарида аниқлаш;
• бинода актив сейсмик ҳимоя элементлари қўлланилганда ҳамда грунтнинг бир жинсли бўлмаганлигини ҳам ҳисобга олган ҳолда бинонинг ихтиёрий нуқтасидаги тебранишларни камайтиришни тадқиқ қилиш;
• бинода қўлланиладиган актив сейсмик ҳимоя элементининг геометрик параметрлари ва турларини ўзгартириб унинг самарадорлигини аниқлаш;
• дастур универсал бўлиб, унинг ёрдамида икки ўлчамли статик масалаларни ҳам ечиш мумкин.
Дастурдан қурувчи-муҳандислар, магистрлар ва талабалар фойдаланишлари мумкин.
Дастур муаллифи Наманган муҳандислик-қурилиш институтига “Електрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра DGU 07040 рақамли гувоҳнома берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги