Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Лондонда Ўзбекистон бўйича Барча партиялар парламент гуруҳи мажлиси бўлиб ўтди
2020-02-13 | Сиёсат
2020 йилнинг 11 февраль куни Буюк Британия парламентида Ўзбекистон бўйича Барча партиялар парламент гуруҳи (APPG) янги таркибининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, унда парламентнинг иккала палатаси депутатлари, Буюк Британия ташқи сиёсат идорасининг Америка ва Европа ишлари бўйича давлат вазири Кристофер Пинчер ва Ўзбекистон Элчиси Саид Рустамов иштирок этдилар.
Тадбир давомида парламентарийлар томонидан APPG раҳбарияти аъзолари сайланди, Буюк Британия ТИВ ва Ўзбекистон Элчихонасининг Ўзбекистон-Британия ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари тўғрисидаги баҳолари тингланди ва Барча партиялар парламент гуруҳи фаолиятининг устувор йўналишлари аниқланди.
Жамоатлар палатасининг Консерватив партиядан депутати Эндрю Бриджен APPG раҳбари этиб сайланди, унинг ўринбосарлари қаторига мамлакат парламенти Лордлар палатаси ва Жамоатлар палатасининг бир қатор обрўли аъзолари кирди.
Элчи ўз нутқида Ўзбекистондаги кенг кўламли модернизация жараёнлари, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, шунингдек, Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатларини ривожлантириш учун янги имкониятлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Британия парламентарийлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган республикани ривожлантиришнинг асосий қоидалари ва устувор вазифалари билан ҳам таништирилди.
Буюк Британия ТИВ раҳбари ўринбосари Кристофер Пинчер Ўзбекистондаги чуқур ислоҳотлар дастури Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланишини, Британия томонининг икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этди.
Ораларида 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловида иштирок этган халқаро кузатувчилар ҳам бўлган APPG аъзолари Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун янги истиқболларни очувчи республикадаги сезиларли ўзгаришларни олқишладилар. Парламентарийлар Британия-Ўзбекистон мулоқотини, жумладан парламентлараро йўналишдаги алоқаларни ривожлантиришга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирдилар.
Ўзбекистон бўйича Барча партиялар парламент гуруҳи (APPG) - Британия парламентидаги Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик жамияти 2009 йилда парламентлараро алоқаларни ва умуман Ўзбекистон-Британия муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. Гуруҳга парламентдаги икки палата депутатлари ҳамда мамлакатдаги барча сиёсий партияларнинг вакиллари киришади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги