Бугунги кунда дунё мамлакатларида асал¬аричилик соҳасини ривожлантиришга, асал маҳсулотларини етиштиришга бўлган эьтибор ва талаб йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, экологик тоза асал ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёж ниҳоятда юқори.
Хўш, 100 фоиз табиий маҳсулот ҳисобланган асл етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида мамлакатимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори соҳани ривожлантиришнинг янги имкониятларини очди.
Буни Наманган вилоятида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
– Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори асаларичиликни ривожлантиришнинг барча механизмларини қамраб олгани билан аҳамиятли, – дейди Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Аюбхон Тошбоев. – Хусусан, тармоқни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилгани соҳада сезиларли ўзгаришларга омил бўлди. Зеро, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишда илмий ёндашув жуда зарур. Ҳар бир асаларичи ўз ҳолича шуғулланаверса, соҳани ривожлантириш мушкул. Вилоятда ҳам ушбу қарор асосида асаларичиликнинг умумиқтисодиётдаги мавқеини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.
Наманган асаларичилик соҳасида мамлакатимизда етакчи ўринни тутиб келаётган вилоят ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятда ҳаваскор, яъни якка тартибда асалари боқувчи, соҳада экспорт-импорт амалиётини йўлга қўйган фермер хўжалиги, масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона каби 500 дан зиёд субъект асаларичилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан етиштирилган асал нафақат ўзимизда, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир.
2019 йилда “Соф асал” масъулияти чекланган жамияти томонидан Бирлашган Араб Амирлиги давлатига 16 тонна асал экспорт қилингани фикримиз исботидир. Бундан ташқари, ўтган йилнинг ўзида Россия ва Қозоғистон давлатларига 700 минг доллар қийматига тенг асалари пакети етказиб берилган. Республика миқёсида 220 минг асалари пакети экспорт қилинган бўлса, шундан 178 минг 350 таси Наманган вилояти ҳиссасига тўғри келгани вилоятнинг асаларичилик салоҳияти нечоғли юқорилигини кўрсатади.
Наманганлик асаларичилар 2019 йил Тошкент шаҳрида Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси томонидан ташкил этилган асаларичилик маҳсулотлари ярмаркасида 13 та номинацияда муваффақиятли иштирок этди. 6 та номинацияда 1-ўрин ва 2 номинацияда 2-ўринни қўлга киритди. Жумладан, “Энг яхши жиҳозланган стенд” номинациясида “Ҳалилов Абдумутал” деҳқон хўжалиги, “Сотиш учун тайёрланган энг яхши асал намуналари” номинациясида “Соф бол савдо”, “Асаларичилик фаолияти учун ишлаб чиқарилган энг яхши асбоб-ускуналар” номинациясида “Шифо”, “Асалари маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган асаларичи” номинациясида “Транс Бат Нам сервис”, “Энг кўп асал экспорт қилган асаларичи” номинациясида “Соф асал” масъулияти чекланган жамияти каби субъектлар биринчи ўринга муносиб топилди.
– Шундай тадбирни вилоят миқёсида ўтказишни ҳам йўлга қўйдик, – дейди А.Тошбоев. – Ўтган йили “Чорсу” деҳқон бозорида биринчи марта ташкил этилган асалари маҳсулотлари ярмаркаси асаларичилар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, соҳани ривожлантириш борасида ҳамжиҳатликни йўлга қўйишда катта аҳамият касб этди. Бундан ташқари, ярмарка доирасида “Соф асал”, “Соф бол савдо”, “Лолабегим” сингари асаларичилик хўжаликлари томонидан Меҳрибонлик, Саховат уйлари, Ногиронлар жамияти, бир қатор кам таъминланган оилаларга беминнат асал тортиқ қилингани тадбир ижтимоий эзгу мақсадни кўзда тутганлигини ифода этди.
Акрамжон Ҳакимов раҳбарлик қилаётган “Шифо асаларичилик” масъулияти чекланган жамияти бой тажрибага эга, яъни 1988 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаётган, юртимизда биринчилардан бўлиб шу соҳада юридик мақомдаги хўжалик сифатида рўйхатдан ўтган корхонадир.
– Асалари боқиш бизга боболаримиздан мерос анъана, – дейди Акрамжон Ҳакимов. – Корхонамизни бундан ўттиз икки йил муқаддам раҳматли отам Тоҳиржон Ҳакимов кооператив мақомида ташкил қилган эди. Илгари ҳаваскорлик билан, баҳоли қудрат шуғулланиб келинган асаларичиликка бугунга келиб қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи сифатида катта эътибор қаратилаётгани, айниқса, кейинги йилларда бу йўналишдаги субъектлар учун берилаётган имтиёзлар имкониятларимизни янада кенгайтирди.
Дарҳақиқат, бугун асаларичиликда ўзига хос сулола мактабини яратган, бу соҳада катта ҳаётий ва амалий тажрибага эга нуроний Қосимжон Хўжаев, унинг ўғли – “Шуҳрат” медали соҳиби Носиржон Жўраев каби кўплаб оилавий асаларичилардан иборат “Шифо асаларичилик” жамоаси фаолияти диққатга сазовор. Корхона асаларичилик маҳсулотларини етиштириш, асаларичилик жиҳоз ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришдан ташқари, асаларини парваришлаш, унинг касалликларига қарши профилактика, назарий ҳамда амалий масалаларда нафақат вилоят, балки Фарғона водийси асаларичиларига ҳам кўмаклашиб келаётгани диққатга сазовор. Зеро, бу ерда асалари мумини қайта ишлаб, тайёрлаб бериш, яшиклар ясаш, асал олиш ускуналари ва бошқа техник жиҳозлар етказиб бериш яхши йўлга қўйилган. Бу борада МЧЖ таркибида ташкил этилган ахборот-консультация маркази, савдо дўкони, ишлаб чиқариш цехлари фаолият кўрсатмоқда.
– Меҳнат фахрийлари Қосимхон Хўжаев, Насриддин Ғофуровлар билан ҳамкорликда “Асаларилар озуқаси ва қўшимча овқатлантириш учун фойдали маслаҳатлар” қўлланмасини чоп эттирдик, – дейди А.Тошбоев. – 2000 нусхада чиқарилган китобча Тошкентда бўлиб ўтган асаларичилик маҳсулотлари ярмаркасида қўлма-қўл бўлиб кетгани юртимизда бу соҳага қизиқиш тобора ортиб бораётганлигидан далолат берди. Биз бу йўналишда иккинчи қўлланмани тайёрлашни ҳам мақсад қилиб қўйдик.
Айни пайтда мазкур корхона асаларичилари томонидан 1 минг 500 яшикда 3000 асалари оиласи парвариш қилинмоқда.
– Ўтган йили 700 миллион сўмлик асалари маҳсулоти ишлаб чиқарилди, – дейди корхона бош ҳисобчиси Боқижон Болтахонов. – Қозоғистонга 9 минг долларлик, 2 минг 200 дона асалари пакети экспорт қилинди.
Мухтасар айтганда, вилоятда асаларичиликни ривожлантириш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда. Янгиқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида асаларичилик йўналишида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани соҳа истиқболи йўлидаги аҳамиятли қадамлардан бири бўлди.
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА