Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти делегацияси билан учрашув
2020-02-12 | Соғлиқни сақлаш
2020 йил 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге бошчилигидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСCТ) делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда соғлиқни сақлашни ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устуворликларидан бири экани алоҳида қайд этилди. Сўнгги йилларда ушбу йўналишда мамлакат салмоқли натижаларга эришди, бу жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Ушбу ютуқларни тасдиқлаб, ЖСCТ делегацияси раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаёти ҳамда фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан соғлиқни сақлаш соҳасида тарихда мисли кўрилмаган суръатда ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг вакцинация соҳасидаги ютуқлари, жумладан деярли бутун аҳоли вакцинация билан қамраб олингани эътироф этилди.
Глобал таҳдидлар ва хавфлар ҳақида сўз борганда ЖСCТ делегацияси раҳбари Ўзбекистонда короновирусга қарши олиб борилаётган ишларга урғу берди. Мамлакатда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича салмоқли профилактик ишлар олиб борилгани таъкидланди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга Ўзбекистон қўшаётган муносиб ва муҳим ҳисса ҳисобланади.
Шу билан бирга, безгак, полимиелит ва мамлакат миқёсидаги бошқа касалликларга тўлиқ барҳам бериш борасида Ўзбекистон эришган ютуқлар эътироф этилди, бу ЖСCТнинг тегишли сертификатлари билан тасдиқланган.
Ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақида сўз борганда парламент билан яқин ҳамкорлик қилишга урғу берилди. Бу соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган халқаро стандартларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш имконини беради.
БМТ барқарор ривожланиш мақсадлари масалалари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан ЖСCТнинг “Хавфсиз оналик” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш, жамиятда учрайдиган касалликлар профилактикасини давом эттириш соҳасида ҳамкорлик қилиш устуворликлари ҳам муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати