Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЖССТнинг Европа минтақавий бюросининг янги директори Ханс Клюге хорижга биринчи расмий ташрифини Ўзбекистондан бошламоқда
2020-02-10 | Соғлиқни сақлаш
Жорий йил 1 февралдан ўз вазифасига киришган ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге биринчи хорижга расмий ташрифини Ўзбекистондан бошламоқда. Бу эса юртимизда тиббиёт йўналишида эришилаётган ютуқларнинг яна бир эътирофи бўлди. Ханс Клюгенинг бугун юртимизга келиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, у соғлиқни сақлаш соҳасида 24 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. У ўз фаолиятини Белгияда оилавий шифокор сифатида бошлаган. Сўнгра Сомали ва Либерияда «Чегара билмас шифокорлар» билан ишлаган. Х.Клюге Россиядаги жазони ижро этиш тизимида сил касаллигига қарши кенг кўламли дастурларда фаол иштирок этган. Доктор Клюге ЖССТнинг Жануби-Шарқий Осиё минтақавий бюросида сил, ОИТС ва безгакка қарши кураш дастурларини ҳам назорат қилди. Сўнгги ўн йил давомида эса ЖССТнинг Европа минтақавий идорасида ишлаб, бу ерда соғлиқни сақлаш тизимидаги катта ўзгаришларда фаол иштирок этган.
Ханс Клюге
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган икки йиллик ҳамкорлик шартномаси имзоланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, меҳмон бир қатор тиббиёт муассасалари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолияти билан ҳам танишиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Женевада бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ЖССТнинг Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги