Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбектелеком" АКнинг янги Call-марказига Пресс-тур ташкил этилди
2020-02-10 | Технологиялар
“Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси янги Call-маркази - Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази (ҚХКЯМ)да танишув пресс-турини ўтказди. Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад Компания абонентларига хизмат кўрсатиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича мижозларга йўналтирилган ёндашув ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишдир.
Пресс-тур давомида журналистларга тарихий маълумотлар, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ҳамда статистика маълумотларни ўз ичига олган янги Call-марказнинг фаолияти ҳақида тақдимот намойиш этилди.
Дастлабки телефон-маълумот хизмати Тошкентда 75 йил илгари пайдо бўлган ва уни оддийгина қилиб “09 хизмати" деб аташган. Ўша пайтда пойтахт телефон тармоғи 5 мингдан ортиқ абонентга эга бўлган. “09” хизматида барча ишлар қўлда бажарилган: телефонистлар столида ҳозирги ихчам ва қулай компютерлар ўрнида махсус картотекалар жойлаштирилган, операторлар маълумотларни ана шу картотекалардан қидиришган, барча маълумот-ахборотлар фақат қоғозда акс эттирилган.
2003 йилдан операторларнинг иш жойлари автоматлаштирила бошланди. 2009 йил апрел ойида “Протей" компаниясининг ускуналари асосида “09 хизмати" такомиллаштирилиб, барча халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий “Call-марказ"га айлантирилди. Натижа дарҳол намоён бўлди, чунки статистик маълумотларни яхшироқ ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш орқали бутун тизимнинг иш фаолиятини яхшилашга эришилди.
Маълумот-ахборот маркази негизида Интеллектуал платформа Call-маркази жорий этилишининг энг муҳим жиҳатларидан бири, шубҳасиз, ахборот-маълумотлар хизмати доирасини кенгайтириш ва замонавий интеллектуал хизматларни жорий этиш имконининг яралиши эди.
Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази (ҚХКЯМ)ни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш босқичларидан бири бу бутун республика бўйлаб кенгайтириш эди. 2014 йилда Республика ҳудудларида 13та Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди. Ҳар бир ҳудудий Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази 10та иш ўрнига ва бир дақиқада 60 дан зиёд қўнғироқларни қабул қилиш имконига эга.
“Ўзбектелеком" АК Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази кечаю кундуз фаолият юритади. “Ўзбектелеком" АК Call-маркази нафақат Компания абонентлари қўнғироқларига хизмат кўрсатади, балки ауцорсинг асосида давлат ташкилотлари, вазирликлар ва йирик Компанияларга келиб тушадиган мурожаатларни қайта ишлаш бўйича кенг миқёсда фаолият юритади.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали ойига 120 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушади.
Call-марказ ташкил этилган вақтда штатлар сони 129 тани ташкил этган. Бугунги кунда бу ерда 600 нафардан зиёд операторлар фаолият юритади. 2018 йилда операторлар томонидан 3 589 577 та қўнғироқларга, 2019 йилда эса 13 701 085 та қўнғироқларга хизмат кўрсатилган.
Бир кунда 40 мингдан ортиқ абонентларга хизмат кўрсатилади. 1009 хизматининг ўзи бир ойда 400 мингдан зиёд абонентлар қўнғироқларини қабул қилади. Салл-марказ хизматларига бўлган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда.
2019 йилнинг сентябр ойида Қўнғироқларни қайта ишлаш марказини ЭАТС-254/255 биносидан янги ЭАТС-242-249 биносига кўчириб ўтказиш ҳамда мавжуд бўлган ускуналарини кенгайтириш бўйича ишлар якунланди. Call-марказ ходимлари учун ишлаш ҳамда хордиқ чиқаришга барча шарт-шароитлар яратилган: замонавий талабларга жавоб берадиган ускуналар ва дастурий таъминотлар, қулай компютерлаштирилган иш жойлари. Янги рақамли ускуна бир вақтнинг ўзида 3000 дан ортиқ қўнғироқларни қабул қилиши мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги