Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2020-01-29 | Сиёсат
2020 йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Берлин шаҳрида Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди билан учрашди.
Суҳбат давомида 2019 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашуви якунларига юқори баҳо бериб, томонлар саммит якунлари бўйича қабул қилинган минтақавий интеграцияни яна чуқурлаштиришга йўналтирилган қарорларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга режалаштирилаётган ташрифи бу жараённинг муҳим босқичи бўлади.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари 3 февраль куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг “C5 + 1” шаклидаги учрашувини ўтказиш масалаларини ҳамда икки томонлама ва халқаро муносабатлар кун тартибининг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги