Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Цивилизациялар мулоқоти – халқаро ҳамкорликнинг муҳим воситаси

2020-01-22 | Маданият

Тошкентда 21 январь куни “Цивилизациялар мулоқоти: глобаллашув даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

ШҲТнинг Ўзбекистондаги халқ дипломатияси маркази томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар вакиллари, миллий ва хорижий экспертлар, олимлар иштирок этди.
 
Семинарда мамлакатимиз ва чет эллик мутахассислар ўртасида цивилизациялараро мулоқот масалаларида атрофлича фикр алмашилди.

ШҲТнинг Ўзбекистондаги халқ дипломатияси маркази директори Раҳматулла Назаров жадал суръатда кечаётган бугунги глобаллашув шароитида халқаро ҳамкорликнинг муҳим омили бўлган бундай мулоқотлар долзарб аҳамият касб этиши, мамлакатлараро икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни, хусусан, маданий-гуманитар соҳадаги муносабатларни мустаҳкамлашда халқ дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрезер, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор сўзга чиқди.

Ўзбекистон цивилизациялараро мулоқотда ўзига хос ва бетакрор намуна бўлиши мумкин. Зеро, заминимиз кўчманчи, тоғли, суғорма, ўтроқ кўринишларидаги турфа маданиятга асосланган Урарту, Кушон давлатлари цивилизациялари, қолаверса, Юнон-Бақтрия аралаш цивилизациси макони ҳисобланади.


Айниқса, Ислом цвилизацияси халқларимиз тарихида беқиёс ўрин тутади. Буюк аждодларимиздан мерос миллий-маданий бойликларимизни ўрганиш, асраш ва келажак авлодга етказиш мақсадида 2017 йил Президентимиз қарори билан Ўзбекистонда Ислом цивилизация маркази ташкил қилинди. Халқаро Имом Бухорий, Имом Термизий илмий тадқиқот марказлари фаолият бошлади.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев даврида амалга оширилаётган ислоҳотлар аллақачон ўз натижаларини бера бошлади, – деди Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне. – Ижобий ўзгаришлар янада изчил, муваффақиятли давом этиши учун жамиятда, умуман, Марказий Осиё давлатларида ўзаро ҳурмат, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳукм суриши жуда муҳим. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини минтақага намуна сифатида кўрсатиш мумкин.


Семинар давомида умуминсоний ва миллий қадриятларни сақлаш, жамиятда таълим ва маърифатнинг ролини ошириш, жаҳон халқларининг бой миллий маданий, тарихий мероси ва анъаналарини ўрганиш зарурлиги хусусида фикр юритилди. Бу ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, динлараро ва конфессиялараро мулоқотни фаоллаштириш имконини бериши шубҳасиз.

Анжуманда, шунингдек, “Ўзбекистонда хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар”, “Конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари ва усуллари”, “Ёш авлодни миллий ва анъанавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда мавжуд муаммолар”, “Цивилизациялараро муносабатларда диннинг ўрни”, “Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашдаги муаммолар ва ечимлар” каби 15 дан ортиқ долзарб мавзудаги қизиқарли маърузалар ҳам ҳавола этилди.

Маърузалар юзасидан савол-жавоб, мунозаралар уюштирилди.

 

Саидмурод РАҲИМОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ​ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться