Тошкент шаҳридаги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бокс бўйича халқаро турнир якунланди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз бокс федерацияси томонидан ташкил этилган турнирда 200 нафардан ортиқ боксчи ғолиблик учун куч синашди.
Турнирда Ҳумоюнмирзо Абдурасулов, Зикиржон Умматалиев, Ҳасан Рихсибоев, Шоҳрух Абдумаликов, Ҳасан Ўрозалиев, Бобурбек Бобожонов, Самандар Тошпўлатов, Жаҳонгир Нарзиев, Файзулло Аҳмедов ва Собир Режаматов ўз вазн тоифаларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
– Кескин ва муросасиз ўтган халқаро турнирда ғолиб бўлганимдан хурсандман. Барча рақибларим кучли эди. Бироқ мураббийларимнинг тўғри кўрсатмалари сабаб, барча тўсиқлардан ўтиб, олтин медални қўлга киритдим, – дейди Ҳ.Абдурасулов. Мақсадим 2024 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этишдир.
Шунингдек, мусобақада Тошкент шаҳри жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи, Тошкент вилояти боксчилари иккинчи, Андижон вакиллари эса учинчи бўлди.
Ж.ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА
Манба: ЎзА