Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Россия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлари тўғрисида
2019-12-26 | Сиёсат
2019 йилнинг 25 декабрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон-Россия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси делегациясига Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилик қилди. Россия Федерациясидан Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
2017 йил апрель ойидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ва 2018-йил октабр ойидаги Президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифлари доирасида эришилган келишувларни бажариш жараёни кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида 2019-2024-йилларга мўлжалланган умумий қиймати 25 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган икки томонлама ҳужжатларни амалга оширишни томонлар назорат қилмоқда.
Таъкидланганидек, стратегик шерикчиликни мустаҳкамлашда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш ҳисобланади. Унинг ҳажми сўнгги икки йилда 1,5 баробарга ошди. Жорий йилнинг январ-ноябрь ойларида товар айланмаси 5,8 млрд. долларни ташкил этиб ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 14,1%га ошди. Йил бошидан буён 130 та иқтисодий делегацияларнинг ўзаро ташрифлари ташкиллаштирилди.
Шу нуқтайи назардан икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон вилоятлари Россиянинг 70 та субектлари билан самарали муносабатлар ўрнатди.
Маслаҳатлашувларда 2020-йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган икки томонлама тадбирлар, жумладан Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия ва Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия кун тартибининг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги