Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

АҚШ​ элчиси: икки давлат ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдориман​

2019-12-18 | Иқтисодиёт

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюмнинг Навоий вилоятига ташрифи “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишишдан бошланди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 70 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур ишлаб чиқариш тармоқлари томонидан уяли алоқа телефонлари, рақамли телеқурилмалар, автомобилсозлик учун бутловчи буюмлар, электр кабеллари, полиэтилен қувурлар, гигиеник воситалар тайёрланмоқда.

Элчи жаноблари Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов билан ҳам учрашди.

Вилоят ҳокими меҳмонга ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, бой тарихи ҳақида гапириб берди. Хусусан, бугунги кунда вилоятда 200 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритаётгани, хорижий ҳамкорларнинг вилоятда яратилган инвестициявий жозибадорликка қизиқиши тобора ортиб бораётганини айтди. 
 
Навоий вилояти жорий йилда 2 йирик халқаро бизнес-форумга мезбонлик қилгани, тақдимотлар жараёнида қатор қўшма келишувларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, мазкур бизнес-форумлар самарасида вилоятнинг Зарафшон шаҳри ҳамда АҚШнинг Миссисипи штати Клинтон шаҳри ўртасида биродарлик ришталари боғланиб, икки салоҳиятли шаҳар ўзаро биродарлашган шаҳар мақомини олди. Вилоят ҳокими 2017 йил билан жорий йилги кўрсаткичларни таҳлил қилар экан, ўтган давр мобайнида вилоятда инвестициялар ҳажми 13 баробарга ошганини эътироф этди.

Қ.Турсунов элчига Ўзбекистондаги муҳим сиёсий жараён – сайловлар ва унга “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида пухта тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида гапириб берди.

Вилоят ҳокими учрашув давомида икки давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлашда элчиларнинг хизмати жуда муҳим эканини таъкидлади. Ўз навбатида, АҚШ элчиси Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор мамлакат ялпи ички маҳсулотини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилаётганини эътироф этди.

Жаноб Дэниел Розенблюм ташриф давомида Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қ.Санақулов билан ҳам учрашди. 

Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида жойлашган комбинат тарихи музейида ташкил этилган учрашувда йирик саноат корхонасининг тарихи ва салоҳияти, истиқболдаги режалари, истиқболли лойиҳалар хусусида батафсил маълумот берилди. Музейга саёҳат уюштирилди.

АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Марказий сайлов комиссиясининг Навоий вилояти бўлими ва Халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлими фаолияти билан ҳам танишди.

– Мен Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ташриф буюраман. Бу сафар ўзига хос, юқори иқтисодий салоҳиятга эга Навоий вилоятига ташрифим давомида ҳудуддаги ўзгаришларни кўришни мақсад қилган эдим ва буни кўрдим, – деди Д.Розенблюм. – Вилоят ҳокими, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси раҳбарияти билан учрашиб вилоят иқтисодий жиҳатдан мамлакатнинг етакчи ҳудуди эканига амин бўлдим. Мулоқотлар давомида АҚШ компанияларини бу ерга жалб қилиш хусусида фикр юритдик. Албатта, мен элчи сифатида икки давлат ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдориман.

Ташриф давомида меҳмон Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида жойлашган қадимий “Сармишсой” дараси ва мазкур ҳудуддаги қоя тошлардаги петроглифларни кўздан кечирди.

 

​Нуриддин РАҲИМОВ, Сирож АСЛОНОВ​ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться