Тошкентда 25 ноябрь куни “Марказий Осиё мамлакатларида ишлаб чиқариш салоҳияти, савдо ва барқарор ривожлантириш мақсадлари” мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури шафелигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, Европа Иттифоқи, Осиё тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар иштирок этди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ва бошқалар Марказий Осиё мамлакатларининг ўзига хос ривожланиш стратегияларини узвий ҳамкорликда амалга ошириш, бунда савдо ва иқтисодий, инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, яшил иқтисодиётни жорий этиш, гендер тенглигига эришишдек эзгу мақсадларнинг рўёбга чиқарилиши Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг экани таъкидланди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорликни рағбатлантириш, қулай бизнес ва инвестиция муҳитини яратиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар эътироф этилди.
Сўнгги уч йилда мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми мунтазам ўсиб бораётгани, Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 10 мингдан ортгани, Жаҳон банки томонидан эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон кейинги бир йил ичида 69 поғона юқорилагани қайд этилди.
Конференция шуъба мажлисларида Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланишга йўналтирилган истиқболли йўналишлар, мавжуд таҳдидларнинг атрофлича таҳлили, ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, минтақавий қишлоқ хўжалиги бизнесини йўлга қўйиш меъёрлари, ўзаро савдо амалиётини соддалаштириш каби қатор муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Божхона, савдо ва бозор маълумотлари, барқарор ривожланиш кластери, иқтисодий тадқиқотлар ва минтақавий ҳамкорлик, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро экспертлар маърузалари тингланди.
Сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш, соҳада илғор тажриба алмашиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш каби муҳим йўналишларда ўзаро фикр алмашишда мазкур конференция қулай платформа вазифасини ўтаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Тадбир якунида Марказий Осиёда ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, савдо, иқтисодий, инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, ушбу жараённи глобал иқтисодий тараққиёт шароитида амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олинди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Муҳаммад АМИН, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА