Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мамлакатимизда Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди

2019-11-21 | Соғлиқни сақлаш

Пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди. Ушбу тадбир мамлакатимизда Қозоғистон йили доирасида ташкил этилмоқда. Унда Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, тиббиёт фанлари доктори Елжан Биртанов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши икки томонлама муносабатларга янги суръат, сифат ва мазмун бағишлади. Натижада қўшни мамлакат билан тиббиёт, маданият, санъат, адабиёт, фан, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларда изчил ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бундай дўстона тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилинди.

Жорий йилнинг август ойида Қозоғистон Республикаси делегацияси мамлакатимизга ташриф буюриб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов билан бўлиб ўтган учрашувда бирламчи тиббий ёрдам, мажбурий тиббий суғурта, тиббий ёрдамни рақамлаштириш ва тиббий туризмни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, ушбу мулоқотда жорий йил ноябр ойида Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида Қозоғистон тиббиёт кунларини ўтказишга келишиб олинган эди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бормоқда. Хусусан, фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида муайян келишувларга эришилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги “Ўзбек фармацевтика маҳсулотларини Қозоғистонда «in-bulk» тамойили асосида ишлаб чиқариш” лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, юртимиздаги «Dentafill plyus» хусусий корхонаси Қозоғистоннинг “Антустик” индустриал иқтисодий зонаси маъмурияти билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.

Ҳар йили ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги олий ўқув юртлари шифокорлари ва талабалари учун бир қатор дастурлар ҳам амалга оширилмоқда. Тиббиётнинг юқори малакали мутахассислари иштирокида тажриба алмашиш доирасида ўзаро ўқув сафарлари ташкил этилаяпти.

Қозоғистон тиббиёт кунлари доирасида ушбу мамлакат делегациясининг соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги қизиқарли тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур делегация таркибига нейрохирургия, болалар кардиожарроҳлиги, гинекология, неврология, репродуктология, урология, травматология ва ортопедия, терапия ва ҳужайра технологияси, ядровий тиббиёт ва радиация диагностикаси, буйрак ва жигар трансплантацияси каби қатор йўналишлар бўйича мутахассислар, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда фармацевтика компаниялари раҳбарлари ташриф буюришган.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббиёт олий ўқув юртлари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолияти ва ютуқлари акс этган стентлар эса меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.

Тадбир доирасидаги бўлиб ўтадиган сессиялар давомида икки мамлакат мутахассислари тиббиётнинг турли соҳаларида юқори технологияларга асосланган тиббий хизматларни жорий этиш, бу борада замонавий технологияларни қўллаш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш ва дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини яхшилаш масалаларини атрофлича муҳокама қиладилар.

Ҳар икки давлатнинг тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий ва ихтисослашган тиббиёт марказлари ўртасида қатор меморандумларни имзолаш маросими ушбу тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири бўлиши шубҳасиз. Ушбу ҳамкорлик келгусида шифокор ва талабаларнинг ўзаро тажриба алмашиши, тиббиёт соҳасида диагностика ва даволашнинг инновацион усулларини жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради.

Қозоғистон тиббиёти кунлари доирасида делегация аъзолари мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бўлиб, ўқув жараёни, юртимизда касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий инновацион усулларнинг қўлланилиши билан яқин танишишлари ҳам режалаштирилган.

Қозоғистон тиббиёти кунлари 22 ноябрга қадар давом этади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Манба: ЎзА

Поделиться