Сингапур, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатлар тараққиёти ҳақида сўз кетганда, кўз олдимизда, аввало, инновацион иқтисодиёт гавдаланади. Инновацион иқтисодиётга новаторлик фаолияти, интеллектуал мулк объектларининг яратилиши ва муҳофазаси каби омиллар куч беради. Халқаро тажрибада бу жараён интеллектуал мулк стратегияси асосида шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) ҳамкорлигида ташкил этилган минтақавий семинар шу каби тажрибанинг ўзига хос хусусиятларини ўрганишга бағишланди.
Семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, суд органлари, олий таълим муассасалари вакиллари билан бирга БИМТ экспертлари, Буюк Британия, Польша каби 10 дан зиёд мамлакатнинг интеллектуал мулк бўйича масъул идоралари мутахассислари интеллектуал мулк муҳофазасини таъминлаш, контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш каби масалалар юзасидан фикр алмашди.
– Интеллектуал мулк стратегияси, аниқ бир давлат доирасида унга мослаштирилган ва мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда, маълум муддат учун ишлаб чиқилади, – дейди БИМТнинг Кавказ, Марказий Осиё ва Шарқий Европа бўйича бўлими бошлиғи И.Грибков. – Шу ўринда интеллектуал мулк стратегияси нима учун керак, деган савол туғилиши мумкин. Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, интеллектуал мулк стратегияси мамлакатларнинг инновацион ривожланишига, ишлаб чиқариш корхоналарининг рақобатбардошлигини оширишга, бозор иқтисодиёти тизимларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Маълумки, маҳсулот қадоғидан ўрин эгаллаган биргина товар белгиси йирик компания, ҳатто давлатнинг қиёфасини гавдалантириши мумкин. “Adidas”, “Аpple”, “Mеrcedes Benz”, “Nike”, “Rolex”, “Toyota” каби брендлар бунга мисолдир. Аҳамиятлиси, ривожланган давлатларда интеллектуал мулк қишлоқ хўжалигини сиқиб чиқариб, янги даврни бошлаб бермоқда. “Ақлли машина”, “ақлли уй”, “хавфсиз шаҳар” каби атамалар ҳаётимизга кириб келаётир. Турли ихтиро ва ишланмалар инсонлар ҳаётига қулайлик олиб кирмоқда.
Семинарда интеллектуал мулк соҳасида стратегиялар яратиш услублари ҳам муҳокама қилинди. Айни мавзуда ўз хулосаси билан ўртоқлашган британиялик эксперт Рон Марчантнинг сўзларига кўра, стратегияни ишлаб чиқишда умумий мақсаднинг ўз етарли эмас, балки у, аввало, нима ва ким учун ишлаб чиқилаётгани белгилаб олиниши зарур. Бунда фақат масъул идора эмас, балки бошқа манфаатдор томонлар ҳам иштирок этиши керак бўлади.
Мулоқотларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасидаги ислоҳотлар мазмунига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда интеллектуал мулк объектлари ҳимоясини таъминлаш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро шартнома ва битимларни ратификация қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тизимига ўтказилди.
Тадбирда интеллектуал мулк бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Малоҳат ҲУСАНОВА, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА