Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили билан учрашув
2019-11-13 | Сиёсат
2019 йилнинг 12 ноябрь куни Бельгияда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа Иттифоқи Комиссияси вице-президенти Федерика Могерини билан музокаралар ўтказди.
Томонлар жорий йилда ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар. Хусусан, бир қатор икки томонлама тадбирлар бўлиб ўтди, жумладан, адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва унга оид масалалар, ривожланиш масалалари бўйича “Ўзбекистон-ЕИ” кичик қўмиталари ва “Ўзбекистон-ЕИ” Ҳамкорлик кенгашининг мажлислари ўтказилди. ЕИ Кенгашининг Сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси аъзоларининг Тошкент шаҳрига ташрифи, шунингдек, Брюссель шаҳрида “Ўзбекистон-ЕИ” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш кутилмоқда.
Музокаралар давомида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) матнини тезроқ тасдиқлаш зарурлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестицион муносабатларни янада кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилади, бу эса мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳам кўмаклашади.
Учрашувда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди ва келгуси йили сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” мулоқоти мажлисини ўтказишга тайёрлик изҳор этилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Орол денгизи фожиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича мамлакатда қатъий чоралар кўрилаётганини таъкидлади ва Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ва Ўзбекистондаги бошқа экологик лойиҳаларни Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлаётганидан мамнунлигини билдирди.
Музокарада томонларни қизиқтирган бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги